Фан-техника | 12:37 / 26.04.2016
3129
2 дақиқада ўқилади

Журналистлар Apple махфий фабрикаси ходимлари маошини аниқлашди

Bloomberg агентлиги журналистлари Apple’нинг Хитойдаги махфий фабрикаларидан бирига ташриф буюришган.

Шанхайнинг чекка ҳудудида жойлашган фабрика бўйлаб ўтказилган экскурсия давомида журналистлар ходимларнинг меҳнат шароити билан танишган. Йиғиш цехи ҳудудига киришдан аввал ҳар бир ходим фотокамерали мосламалар бор-йўқлиги аниқланадиган синчков назоратдан ўтади. Маҳаллий вақт билан соат 9-20да смена ишчилари тўрт қаторга тизилиб, йўқлама қилинади ва иш бошланади.

Энг катта қизиқиш иш шароитлари билан боғлиқ бўлди. Аниқланишича, ходимларда ҳафтасига қатъий чегараланган 60 иш соати бўлиб, ундан ортиқ меҳнат қила олишмайди. Бироқ кўп ишчилар иложи борича кўпроқ ишлаб олишга уринишади. Шундай бўлса ҳам чегараланган муҳлат ниҳоясига етгач, ходим иш жойига кира олмайди. Меҳнат шароити назоратига махсус ишлаб чиқилган компьютер тизими жавоб беради.

Завод корпуслари 90та футбол майдонига тенг ҳудудни эгаллаган. Бу ерда, шунингдек, хусусий ўт ўчириш хизмати, почта, полиция бўлинмаси ҳамда кўплаб кўнгилочар бинолар мавжуд.

Журналистлар йиғиш цехи ходимларининг ўртача ойлигини ҳам билиб олишган. Маош 4,2 минг юандан ( тахминан 650 доллар) 5,5 минг юангача (850 доллар) миқдорда экани аниқланган. Хитойда iPhone 6’нинг ўртача нархи 4,5 минг юань (тахминан 700 доллар).