Жамият | 15:45 / 27.04.2016
21000
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун жарималар миқдори оширилди

2016 йил 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси президенти Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 223-моддасига ўзгартириш ва тузатишларни киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берган.

Энди паспортсиз ёки муддати ўтган паспорт билан, вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд яшаш жойи бўйича ҳисобдан ўтмаган фуқаролар, паспортни қасддан яроқсиз ҳолатга келтирган, унга эътиборсизлик билан муомалада бўлган фуқаролар энг кам ойлик иш ҳақининг уч баравари (390 минг сўмдан кўп) миқдорида маъмурий жаримага тортилади (бундан аввал — энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача).

Ушбу қонунбузарлик маъмурий чора қўлланилганидан сўнг бир йил ичида қайта такрорланса, энг кам иш ҳақининг беш баравари (650 минг сўмдан кўп) миқдорида жарима солинишига асос бўлади.

Фуқаролар, "йўқолган" паспортларидан ҳамда бошқа фуқароларга тегишли паспортлардан ғаразли ниятларда фойдаланса — энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари (1 млн 300 минг сўмдан ортиқ) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Паспортсиз ёки муддати ўтган паспорт эгаларини, шунингдек вақтинча ёки доимий пропискасиз ёхуд яшаш жойида ҳисобдан ўтмаган фуқароларни ишга қабул қилиш мансабдор шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга асос бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, мансабдор шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида жарима солинади.

Фуқароларнинг паспортларини қонунга хилоф равишда олиб қўйган ёки гаровга олган мансабдор шахсларга энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солинади.