Фан-техника | 06:55 / 06.05.2016
7929
2 дақиқада ўқилади

Америкалик виртуал реаллик шлемини 25 соат узлуксиз ишлатиб, рекорд ўрнатди

Лос-Анжелеслик кинорежиссёр Дерек Уэстерман виртуал реаллик шлемини 25 соат узлуксиз ишлатиб, жаҳон рекордини ўрнатди. Бу ҳақда Daily Mail нашри хабар бермоқда.

Уэстерман нафақат виртуал реаллик шлемида ўйнаган, балки виртуал фазо бўйлаб мақсадсиз ҳаракатланиб юрган. Бунинг учун у виртуал реалликда сурат чизиш учун Tilt Brush дастури ва HTC Vive шлемидан фойдаланган. Бу вақт давомида Уэстерманнинг ёнида одамлар бўлган ва уни овқатлантириб туришган.

17 соатдан кейин Уэстерман кўнгли озиб, қайт қилиб юборган. Тажрибанинг 21-соатида эса нималарнидир ғўлдирашни бошлаган ва сўнгра "Мен қаерда эканлигимни билмайман" деб ҳайқириб юборган ҳамда контроллёрларни қўлида у ердан-бу ерга силташда давом этган.

Дерек ҳаммаси бўлиб шлемда  25 соат бўлди ва унинг бу натижаси Гиннесс рекордлар китоби томонидан қайд қилинди. Бироқ мутахассисларнинг фикрича, бу рекорд яқин орада янгиланади. Шифокорлар бундай "марафонлар" мия учун хавфли бўлишидан огоҳлантиришмоқда.