Жамият | 21:36 / 10.05.2016
24868
2 дақиқада ўқилади

МХХ ходими ниқобидаги жиноятчининг фирибгарлигига чек қўйилди 

Нурулло Нўъмонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қилмишлари учун тўрт марта суднинг қора курсисига ўтирган бўлишига қарамай, ўзгаларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, алдов йўли билан мўмай даромад топишни ҳаётининг мазмунига айлантириб олди. У 2014 йилнинг февралида эски “ҳунарини бошлади”, деб ёзади “Ҳуқуқ” газетаси. 

У ўзини Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати ходими сифатида таништириш йўли билан фирибгарлик жиноятларини содир этади. Бунинг учун эгнида МХХ ходимларининг хизмат кийимига ўхшаш уст-бошда ёки фуқаро кийимида қўлида рация алоқа воситаси ва қулоғига наушник ўрнатган ҳолда, пневматик пистолетни олиб юриш учун мўлжалланган мосламани тақиб, ўзгаларнинг назарида давлат органи ходими эканлигига шубҳа қолдирмасликка эришади.

Аввалига унинг бу “тўри”га фуқаро Салим Дўрмонов илинди. Унинг ишончига кирган Н.Нўъмонов автосалондан “Каптива” русумли автомашина олиб беришни ваъда қилиб, 13 минг АҚШ долларини қўлга киритади. Табиийки, унинг МХХ ходими эканлиги ҳам салонда танишлари борлиги ҳам уйдирмадан бошқа нарса эмасди. 

Шербек Соипов ҳам худди С.Дўрмонов каби унинг “қармоғи”га илинди. У ҳам Нуруллони орган ходими деб ўйлаб, қаттиқ янглишган эди. Ўзини Тимур дея таништирган Н.Нўъмонов Ш.Соиповни Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга ўтказиб бераман, дея алдаб, 1000 АҚШ доллари ва 135 минг сўм пулини қўлга киритади. Одатдагидек ваъда бажарилмайди, пуллар эса унинг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборилади. 

Фирибгарлик йўли билан қўлга киритган пулларни осонгина ҳазм қилиб юборган Нурулло Нўъмоновнинг қилмишлари жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман суди томонидан ўрганиб чиқилиб, унга  узил-кесил ўташ учун 6 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.