Спорт | 10:50 / 14.05.2016
5181
2 дақиқада ўқилади

Поветкиннинг допинг текширувида мельдонийнинг қолдиқлари аниқланди

Россиянинг ўта оғир вазн тоифасидаги боксчиси Александр Поветкиннинг допинг текширувида мельдонийнинг ўта кам миқдордаги қолдиқлари аниқланган. Спортчи ушбу моддани 2015 йил сентябрида истеъмол қилган, деб хабар қилган Поветкин манфаатларини ҳимоя қилувчи "Мир бокса" промоутерлик компанияси раҳбари Андрей Рябинский ТАСС агентлигига. 

"Унинг қонида жуда кам миқдордаги мельдоний қолдиғи аниқланди. Александр ўтган йилнинг сентябрида дорини истеъмол қилган. Модда эса, 2016 йил 1 январидан сўнг допинг рўйхатига киритилди. Шундан сўнг, у бу доридан фойдаланмаган. Вазиятга турлича ёндашиш мумкин. Допинг-пробаси апрель ойида олинган эди", - деб аниқлик киритган Рябинский.

"Биз WBC (Бутунжаҳон Бокс кенгаши) билан алоқадамиз, Поветкиннинг америкалик боксчи Деонте Уайлдер билан жанги ўтказиладими-йўқми буни улар ҳал қилишади", - деган ТАСС суҳбатдоши.

Рябинский сўзларига кўра, Поветкин допинг пробасидаги мельдоний миқдори 70 нанограмм (70 нанограмм = 7 x 10-8 грамм)ни ташкил этган.
Поветкин ва WBC таснифи бўйича ўта оир вазнда жаҳон чемпиони Уайлдер ўртасидаги жанг 21 май куни Москванинг "Мегаспорт" мажмуасида бўлиб ўтиши режалаштирилган эди. 

Бутунжаҳон бокс кенгаши президенти Маурисио Сулаймоннинг маълум қилишича, ташкилот ҳозирча Поветкин - Уайлдер жангини бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилганича йўқ. 

Мельдоний 2016 йил 1 январидан эътиборан, Бутунжаҳон допингга қарши агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган моддалар рўйхатига киритилганди.