Жаҳон | 22:45 / 01.06.2016
20491
2 дақиқада ўқилади

Парижда тревога эълон қилинди

Франция пойтахти Париж шаҳрида сув тошқинлари туфайли тревога ҳолати эълон қилинди. 4 кундан буён ёғаётган тинимсиз ёмғирлар туфайли шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Сена дарёси ўз қирғоқларидан тошиши эҳтимоли юзага келган.

Хабар қилинишича, A10 Париж — Бордо шоссеси ва пойтахтни Орлеан шаҳри билан боғловчи темир йўл ҳаракати сув оқимлари туфайли ёпилган. Шунингдек, Мец шаҳрида шундай ҳолат кузатилмоқда. Қайд этилишича, Париждан 110 км жанубдаги Монтаржи шаҳридаги мактаблар ва кексалар уйи эвакуация қилинган.

Франция миллий метеобюроси маълумотига кўра, бу кейинги 150 йил ичида энг кўп ёмғир ёққан ёмғир бўлди.

Қайд этилишича, қутқарув хизматларига хавотирга тушган фуқаролар томонидан 8 мингга яқин қўнғироқ бўлган.

Ҳукумат ўтган ҳафтанинг жума кунида Сена дарёсидаги сув сатҳи 5,6 м кўтарилганини қайд этди. Сувнинг 6 метрга кўтарилиши RER электричкаси ҳаракатини тўхтатиб қўйиши мумкин. Сена дарёсида сув сатҳининг кўтарилиши билан боғлиқ энг юқори кўрсаткич 1910 йилда қайд этилганди (8,6 м).