Жаҳон | 19:53 / 05.06.2016
17041
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда қурол дўкони ва ҳарбий қисмга ҳужум қилинди

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрининг 3та туманида отишмалар юз берди. Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, отишмалар давомида 3 киши ҳалок бўлиб, 10дан ортиқ киши жароҳатланган.

Маълум қилинишича, номаълум шахслар қурол сотиладиган дўконга ҳамда ҳарбий қисмга ҳужум қилишган.

"Дўконга ҳужум қилганлар сотувчини ўлдиришган, яна бир киши жароҳатланган", дея ИИВ матбуот хизмати вакили Алмас Садубаевнинг сўзларини келтиради "Интерфакс" агентлиги.

Шунингдек, ҳарбий қисмга уюштирилган ҳужум натижасида бир зобит ва бир ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган ҳамда 9 ҳарбий хизматчи жароҳатланган.

Шаҳардаги савдо марказлари ҳамда йирик дўконлар ёпиб қўйилган, одамлар эвакуация қилинган. Шунингдек, жамоат транспорти ҳаракати ва кўнгилочар мажмуалар фаолияти тўхтатилган.

Қозоғистон ИИВ маълумотига кўра, ҳужум қилганларнинг 3 нафари ўлдирилган, 1 киши қўлга олинган.

"Бир неча жиноятчи бинолардан бири ичида қамалда қолган, яна бир қанчаси қочиб кетди. Уларни қўлга олиш бўйича ҳаракатлар олиб борилмоқда", дейилган хабарда.

Садубаевнинг тахмин қилишича, ҳужум қилувчилар "ноанъанавий диний маҳзаб вакиллари" ҳисобланишади.

Шаҳарда айни вақтда аксилтеррор амалиётлар режими жорий этилган.

Ижтимоий тармоқларда ҳодисага доир фотосуратлар ва видеолар тарқалган.