Ўзбекистон | 19:14 / 07.06.2016
10183
2 дақиқада ўқилади

Бишкекдаги йиғилишда бош вазирлар МДҲнинг замонавий шароитларга мослашувини муҳокама қилди

7 июнь куни Бишкекда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда МДҲ мамлакатларининг интеграцион ҳамкорлиги масалалари кўриб чиқилди.

МДҲ Ижро қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, йиғилишда «МДҲнинг замонавий шароитларга мослашуви масалалари бўйича конструктив мулоқот» бўлиб ўтди.

Учрашувда «МДҲга аъзо мамлакатлар аҳолисининг саломатлиги» Стратегияси, Саратон касалликларига қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик Концепцияси, 2016-2020 йилларда қандли диабет профилактикаси ва уни даволаш бўйича ҳамкорлик дастури ва кимё саноати соҳасида ҳамкорлик Концепцияси тасдиқланди.

Агрохилма-хилликни сақлаш тўғрисидаги Конвенция, МДҲ давлатлари электроэнергетика объектларидаги авариялар ҳақидаги маълумотларни алмашиш тўғрисида ва радиоактив манбаларни кўчириш масалалари бўйича МДҲ давлатларининг информацион ҳамкорлиги тўғрисидаги келишув имзоланди.

Айни пайтда МДҲга Қирғизистон раислик қилмоқда. Сентябрда Бишкекда Ҳамкорликнинг 25-юбилей саммити бўлиб ўтади.

Ҳукумат раҳбарлари кенгаши МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашига 2020 йилда МДҲ давлатлари аҳолисини рўйхатга олиш бўйича қарори лойиҳасини кўриб чиқиш учун тақдим этишни тасдиқлади.

МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши 2016 йил 28 октябрда Беларусда ўтказиш белгиланди.

Бўлиб ўтган ҳукумат раҳбарлари йиғилишида Ўзбекистон делегациясига бош вазирнинг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов раҳбарлик қилди.