Жамият | 21:22 / 08.06.2016
8951
2 дақиқада ўқилади

Семизликка қарши курашишда мис асосий роль ўйнаши аниқланди

Лоуренс номидаги миллий лаборатория ва Берклидаги Калифорния университети тадқиқотчилари мис ёғ моддалари алмашинувида асосий роль ўйнашини аниқлашди. Металл липидларни йўқ қилишга қодир бўлиб, семизликка қарши курашувчи асосий дори воситаси бўлиши мумкин. Тадқиқот Nature Chemical Biology журналида чоп этилди.

Сўнгги вақтларда мис ўзининг биологик аҳамияти билан кўплаб тадқиқотчиларни эътиборини тортиб келмоқда. Аввалроқ металл қизил қон ҳужайралари шаклланиши, темир ассимиляцияси, бириктирувчи тўқималарнинг ривожланиши ва иммун тизимининг шаклланиши учун зарур эканлигини аниқлашган эди. 

Тадқиқотчилар янги ишда металл ёғ ҳужайраларини парчалашда ҳамда организм фаолияти учун зарур бўлган энергияни олишида ёрдам беришини ўрганишди. Организмда қанча кўп мис бўлса, ёғ шунча кўп парчаланади. 

Олимлар фикрича, мис метаболик касалликлардан азият чекувчи ва вазни оғир кишиларнинг ёғ ажралиши механизми тикланишида муҳим роль ўйнайди. Бу модда денгиз моллюскалари, қисқичбақалар, сабзавотлар, қўзиқорин, ёнғоқ, дуккакли ва бошқа маҳсулотларда учрайди.