Фан-техника | 14:24 / 11.06.2016
8219
3 дақиқада ўқилади

Google'да "уч қора танли ўсмир" можароси

Google'даги "уч қора танли ўсмир" ва "уч оқ танли ўсмир" қидирув натижалари бир-биридан тубдан фарқ қилувчи натижаларни кўрсатади. 

Google'га "уч қора танли ўсмир" сўрови киритилганда, у полиция маҳкамасида суратга туширилган ёш қора танли жиноятчиларнинг фотосуратларини кўрсатади, "уч оқ танли ўсмир" сўровига жавобан эса қидирув тармоғи ҳаётдан мамнун ёш йигит ва қизларнинг суратларини тақдим этади. USA Today маълум қилади.

Виржиниядаги Clover Hill High School ўқув даргоҳининг 18 ёшли битирувчиси Кабир Али 7 июнь куни Twitter'да "уч қора танли ўсмир" ва "уч оқ танли ўсмир" сўровига жавобан кўрсатилган суратларни видеоролик кўринишида намойиш қилди.   

"Аслида мен бу қидирув натижалари ҳақида бир дўстимдан эшитган эдим ва шунчаки ўзим учун текшириб кўрмоқчи бўлдим. Тўғрисини айтсам, дўстимнинг сўзлари ҳақиқат эканлигига унчалик ишонмагандим", - деди Али USA Today'га берган маълумотида. 

"Натижаларни ўз кўзим билан кўрганимда ҳайратга тушдим".

Ушбу пост Twitter'да  бир кунда 46 минг лайк йиғиб, 50 мингдан ортиқ ретвитга эга бўлди. 

Видеороликни кўргандан кейин қидирув тармоғи ўз фаолиятида ирқчиликка йўл қўяётгандек тасаввур пайдо бўлади. 

Twitter'нинг баъзи фойдаланувчилари буни кўриб ғазабланишди, @iBeKabir пости остидаги изоҳларда бундай стереотипларнинг нотўғри эканлиги айтиб фикр билдиришди.

Шунингдек, бу вазиятда кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмаётганликларини ёзганлар бўлган. 

Google бу ҳолатга жавобан унинг қидирув хизматидаги сўров натижалари интернетдаги бор маълумотдан, шу жумладан уларнинг интернетга юкланиш тартибидан келиб чиқиб кўрсатилишини маълум қилган. 

"Бу натижалар Google компаниясининг шахсий фикридан келиб чиқиб кўрсатилмайди - биз ғоялар ва маданиятлар хилма-хиллигини жуда қадрлаймиз", - дейилган жавоб хатида. 

Кўпчилик шарҳловчилар бу ерда Google компаниясининг айби йўқлигини тасдиқлашди.