Спорт | 11:55 / 12.06.2016
13683
2 дақиқада ўқилади

Ҳожсон Березуцкий ҳақидаги саволдан кейин тутақиб кетди

Англия терма жамоаси бош мураббийи Рой Ҳожсон Евро-2016 турниридаги Россияга қарши ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжумани вақтида ўйин охирида ҳисобни тенглаштирган россияликлар ҳимоячиси Василий Березуцкий ҳақидаги саволдан кейин асабийлашди.

Бу вазиятда россиялик журналистлардан бири ундан "Бу ўйиндан кейин Березуцкийнинг фамилиясини эслаб қолдингизми?" дея сўраган.

Русча берилган саволни таржимон орқали тинглаган мураббий тутақиб кетган.

"Бу жиддий саволми? Сиз бу саволни жиддий савол деб ҳисоблайсизми?! Мен Россия терма жамоасидаги барча футболчиларни яхши танийман. Биз уларнинг ҳар бирини ўрганиб чиққан ҳолда ўйинга тайёрланганмиз. Сиз бу саволингиз билан мени ҳақоратладингиз. Бу орқали бугунги ўйинга ўз муносабатингизни кўрсатдингиз", деган инглизлар мураббийи.

Россия ва Англия терма жамоалари турнирдаги илк учрашувларида 1:1 ҳисобини қайд этишди. Марсель шаҳридаги "Велодром" ўйингоҳида 11 июнь оқшомида кечган учрашувнинг 73-дақиқасида инглизлар ҳимоячиси Эрик Дайер жарима зарбасини голга айлантирган бўлса, ўйин якунланиши арафасида россияликлар ҳимоячиси Василий Березуцкий боши билан Жо Ҳарт дарвозасини ишғол этиб ҳисобни тенглаштирди.