Light | 18:04 / 13.06.2016
31975
3 дақиқада ўқилади

Билл Гейтс - кунига 2 долларга яшаб, қандай бойиб кетиш мумкинлиги тўғрисида

Билл Гейтс - замонамизнинг энг бадавлат одамларидан бири. Унинг молиявий ҳолати 2016 йилнинг май ойига кўра, 76,4 миллиард долларга баҳоланган.

У бу пулларни ўз ақли ва ишбилармонлиги билан ишлаб топган.  Шу боис биз сизларга Билл Гейтснинг ўз блогида ёзиб қолдирган маслаҳатларига қулоқ солишни тавсия этамиз. 

Маълумки, Билл Гейтс анчадан бери хайрия ишлари билан шуғулланади ва уларга улкан миқдордаги маблағлар сарфлайди. У раҳбарлик қиладиган фонднинг йўналишларидан бири - қашшоқлик билан курашиш. Гейтснинг блогида қолдирилган ёзув айнан шу тўғрисида. 

Агар кундалик даромад 2 долларни ташкил қилса, дунёдаги энг бой инсон қандай йўл тутар эди?

"Албатта, барча мамлакатлар ва ҳар қандай вазиятларда иш берадиган ягона йўл-йўриқ йўқ. Барча мамлакатлардаги қашшоқлик бир-бирига ўхшамайди. Мен ўз фондимдаги фаолиятим давомида кўп ҳолатларни кўрдим ва одамларни айнан товуқ боқиш қутқараётганига гувоҳ бўлдим. Мен бу ҳақида кўп маълумотга эга бўлдим ва ишонинг, сиэтллик шаҳар боласига бу ҳақиқий янгилик бўлди! Энди мен қашшоқликдан фақат товуқлар ёрдамида қутулиш мумкинлигига ишонаман. 

Агар мен фақир бўлиб қолсам, паррандачилик билан шуғулланган бўлардим". 

Бу маслаҳатидан сўнг Билл Гейтс бир неча далиллар келтириб ўтди.

1. Товуқ боқиш осон, улар алоҳида ёндашувни талаб қилмайди. Уларнинг баъзи турлари ҳамма нарсани ейиши мумкин. Товуқларга фақатгина кичик бошпана керак, уни ҳам қўлда ясаса бўлади. Товуқларга атиги бир неча маротаба вакцина қилса бўлгани.

2. Бу яхши инвестиция. Айтайлик, бошловчи фермернинг бешта товуғи бор. Уч ойдан кейин фермернинг яна 40тача жўжаси бўлади. Агар бир товуқнинг баҳоси 5 доллар бўлса, у ҳолда фермер бир йилда 1000 доллар атрофида пул ишлаб олади. 

3. Бу болаларнинг соғлиғини сақлашга ёрдам беради. Очликдан бир йилда 3,1 миллион бола нобуд бўлмоқда. Тухум ва товуқ гўшти бу кулфатни бартараф этиши мумкин. Бунинг натижасида болалар ўзларига зарур оқсиллар ва микроэлементлар билан таъминланади.

4. Бу аёллар учун ҳуқуқ ва имкониятларни кенгайтиради. Кўп мамлакатларда аёллар хали ҳам тенг ҳуқуқли эмас, уларда пул топиш ва ўз ишини йўлга қўйиш имкони йўқ. Товуқ боқиш анъаналарга қарши чиқмаган ҳолатда бу вазиятни тўғирлаши мумкин. 

Билл Гейтс ўз мурожаатининг сўнгги қисмида авваллари бу масалага ҳеч қандай эътибор қаратмагани ва фақатгина ҳозир дунё олдида қандай улкан муаммолар тургани ҳамда биз уларнинг ечимини топишга қанчалик ожиз эканимизни англаб етганидан хафалигини изҳор этди.