Спорт | 17:39 / 14.06.2016
6367
4 дақиқада ўқилади

Анонс: Шу вақтгача бир-бирига 557 гол урган Австрия – Венгрия тўқнашуви

Бугун, 14 июнь куни 2016 йилги Европа чемпионатининг бешинчи кунида Бордо шаҳридаги "Матмю Атлантик" стадионида Австрия – Венгрия тўқнашуви бўлиб ўтади. F гуруҳи вакиллари бўлмиш ушбу жамоалар учрашувини франциялик ҳакам Клемен Турпин бошқариб боради. Учрашув Тошкент вақти билан соат 21:00да бошланади.

Австрия ва Венгрия 100 йил олдин битта давлат бўлган. Австрия-Венгрия империяси парчалангач, икки халқ футболи турли йўллардан кетди. Венгрларда ўтган асрнинг иккинчи ярмида "Олтин авлод" бўлди (Грошич, Кочиш, Цибор, Божик, Пушкаш). Австрияликлар узоқ вақтгача Европанинг ўртамиёна жамоаси сифатида қараб келинган. Кейинги 10 йилликда эса бу мамлакатда футбол ривожланди ва Александар Драгович ва Давид Алаба каби ёшлар етишиб чиқди. Айни вақтда Австрия ФИФА рейтингида 10-ўринда, Венгрия 20.

Тарих
Европада бир-бири билан энг кўп ўзаро ўйин ўтказган терма жамоалар Австрия ва Венгрия ҳисобланади - 137 марта. Ҳатто Буюк Британиядаги терма жамоалар ўртасида ҳам ўзаро шунча кўп ўйин бўлиб ўтмаган.
Бу учрашувлар орасида Австриянинг 8:2, 6:0 ҳисобларидаги йирик ғалабалари ҳам, 1:6, 2:5, 3:6 ҳисобларидаги мағлубиятлари ҳам бор. Бир сафар 5:5 ҳисобидаги дуранг қайд этилган.
137 учрашувда жамоалар жами 553та гол уришган. Бу ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 4та гол демакдир. Ўйинларнинг 67тасида Венгрия, 40тасида Австрия ғалабаси қайд этилган, 30 учрашув дуранг ҳисоб билан якунланган.
Охирги марта бу терма жамоалар 10 йил муқаддам ўртоқлик учрашувида ўзаро ўйнаган, ўшанда венгрлар 2:1 ҳисобида ғалаба қилган. Терма жамоаларнинг охирги расмий учрашувлари 1986 йилги ЖЧга саралаш босқичи доирасида 1984-85 йилларда бўлиб ўтган ва бу учрашувларда венгрияликлар 3:0 ва 3:1 ҳисобларида зафар қучган.

Бугунги кун
Австрия 2016 йилги Европа чемпионати саралашида 10та ўйиндан 9тасида ғалаба қилиб, фақат бирида дуранг ўйнади. Жамоа Швецияни сафарда 4:1 ҳисобида енгишга муваффақ бўлди.

Венгрия эса саралашнинг F гуруҳида кураш олиб борди. Бу гуруҳда Шимолий Ирландия биринчи ўринни эгаллади. Венгрларнинг рақиблари Руминия, Финляндия, Фарер ороллари ва Греция бўлди. Венгрлар 4та ғалаба, 4та мағлубият ва 2 дуранг қайд этиб, учинчи ўринни эгаллади. Ўтиш ўйинида эса Норвегия икки учрашувда 1:0 ва 2:1 ҳисобларида мағлубиятга учратилди. Бу эса Венгриянинг кейинги 30 йил ичида биринчи марта йирик халқаро турнирда иштирок этишига замин яратди.

Турнирга тайёргарлик вақтида Австрия Мальтяни енгди, Нидерландиядан мағлуб бўлди. Венгрия Германияга ютқазиб, Кот-д`Ивуар билан дуранг ўйнади.

Австрия терма жамоасида Драгович ва Алабадан ташқари, чап қанотда АПЛнинг амалдаги чемпиони Кристиан Фукс ҳамда Англияда ўйновчи яна бир иқтидорли футболчи Марко Арнаутович бор. Германия чемпионати иштирокчилари Марко Юнузович ҳамда ҳужумчи Марко Янко (у саралаш босқичида 7та гол урган) ҳам венгрларга жиддий муаммолар туғдириши кутилмоқда.

Венгрияда 40 ёшли дарвозабон Габор Кирой бор. Адам Салаи, Золтан Гера ва Балаж Жужакда терма жамоанинг кейинги 34 йил ичида Европа чемпионатидаги илк голини уриш имкони бўлади.

Тахминий таркиблар:

Марсель Коллер, Австрия терма жамоаси бош мураббийи:
"Биз узоқ вақт давомида турнирга тайёргарлик кўрдик. Ўйлайманки, турнирга тайёрмиз. Умид қиламанки, шогирдларим ўз ўйинларини намойиш эта олишади. Венгрия – оддий бўлмаган рақиб. Улар қарши ҳужумларда яхши ўйнашади. Бизни ўзига хос дерби кутмоқда, бу баҳсда ғалаба қозонишимиз лозим".

Бернд Шторк, Венгрия устози:
"Бизни тарихий учрашув кутмоқда. Мен футболчиларимнинг ўйин давомида ҳимояда яхши ҳаракат қилишига умид қиламан. Австрия – бу учрашувда фаворит, лекин биз уларга гол уришимиз керак. Биринчи ўйиндаги ғалаба ўзимизга ишонч ҳосил қилишимиз учун муҳим".

Манба: Tribuna.Uz