Жаҳон | 17:30 / 14.06.2016
8601
1 дақиқада ўқилади

Тожикистонда исёнкор генералнинг икки тарафдори умрбод озодликдан маҳрум этилди

Тожикистон Олий суди 2015 йилнинг сентябрь ойида қуролли қўзғолон кўтарган генерал Абдухалим Назаровнинг (Назарзода) уч тарафдорига нисбатан ҳукм чиқарди. Бу ҳақда 14 июнь куни “Азия-плюс” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Нашр берган маълумотларга кўра, сул Садриддин Неъматов ва Сирож Одинаевга умрбод қамоқ жазоси тайинлаган. Генералнинг яна бир издоши Амрулло Нуров 23 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Улардан ташқари яна тўққиз киши суд қилинган, аммо уларнинг исм-шарифлари келтирилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 4 сентябрь куни Тожикистон бош прокуратураси исёнчи генерал Абдуҳалим Назарзодани давлатга хиёнат қилганликда ва террорчиликда айблаганди.
Маълумот учун, исёнчиларга қарши ҳарбий амалиётлар чоғида 25 нафар исёнчи ўлдирилган ва 139 нафари қўлга олинган. Уларнинг 28 нафари оддий кишилар ёрдамида тутилган.

Шунингдек, антитеррор амалиётлар вақтида ҳуқуқ тартибот органларининг 14 нафар ходими ҳалок бўлган.