Ўзбекистон | 14:25 / 16.06.2016
31324
2 дақиқада ўқилади

Сарез кўли муаммоси ўзбек эксперти нигоҳида

Тошкент архитектура-қурилиш институти ўқитувчиси, ўзбек эксперти Равшан Қодировнинг ишонч билдиришича, Помир тоғларидаги Сарез кўли бугунги кунда Марказий Осиёнинг бир неча республикаларига жиддий хавф туғдирмоқда, деб ёзади Спутник сайти. 

Мутахассиснинг АҚШ элчихонаси томонидан фавқулодда техноген ва табиий офатларни бартараф этиш масалаларига бағишланган учрашувда айтишича, тахминан 19 млн тонна сувни ушлаб турган табиий тўғоннинг мустаҳкамлигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. 

Экспертнинг сўзларига кўра, собиқ иттифоқ парчаланмасдан аввал ҳам Сарез кўлини ўрганиш учун илмий экспедициялар ташкил этилган. Тадқиқотчилар, 500 метрлик тўғонни олиб ташлашнинг имкони йўқ деб баҳолашган. 

1911 йилда рўй берган кучли зилзила оқибатида пайдо бўлган кўл суви ҳажми тобора ошиб бормоқда. Шу боисдан ҳам, инсон қўли билан қурилмаган ва кўзга кўринмас жойлари қандай аҳволда экани номаълум бўлган тўғоннинг кучлироқ табиий офатга бардош бериш даражаси қандай эканини баҳолаш мушкул. 

Бироқ, нима бўлганда ҳам математик моделлаш мумкин, деб ҳисоблаган олим, тўғон вайрон бўлса ёки сув билан ювиб кетилса, йирик табиий офат юз беришидан огоҳлантирган. 

Равшан Қодировнинг фикрича, шундай ҳодиса юз бергудек бўлса, Тожикистон, Афғонистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг катта ҳудуди вайрон бўлиши, ушбу республикалардаги 6 миллиондан ортиқ инсон азият чекиши мумкин. 

Йўлида учраган нарсаларни ювиб кетган лойқа сув Қорақалпоғистонга етиб борганида баландлиги бир метр бўлади, дейди ўзбек эксперти. 

Шу боисдан ҳам, Ўзбекистон ФВВ, республиканинг ушбу ҳудудида машғулотлар олиб бормоқда. Доимий равишда, одамларни кўчириш, хавфдан огоҳ этиш кўникмалари амалга оширилмоқда. 

Олимнинг айтишича, бугунги кунда Сарез кўлининг узунлиги 75 кмни ташкил этади. Унинг чуқурлиги 500 метрдан ортиқдир.