Жамият | 18:38 / 18.06.2016
27215
11 дақиқада ўқилади

Бўл(!) ва бўлма!

1-Рамазон ойи туфайли Райён эшигидан кирувчилардан бўл! 
Саҳл разияллоҳу анҳудан ривоя қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар: “Жаннатда Райён деб аталувчи бир эшик борки, қиёмат кунида ундан рўзадорлар кирадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. “Рўзадорлар қани?”, деб нидо қилинади. Шунда улар (мазкур эшикдан жаннатга кириш учун) ўрниларидан турадилар. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмагай. (Рўзадорлар ўша эшикдан) кириб бўлгач, у ёпилади ва ортиқ ундан ҳеч ким кирмайди” (Имом Бухорий ривояти).
 
2-Рамазонда аввалги барча гуноҳлари кечирилувчилардан бўл! 
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Кимки, Рамазон (рўзаси)ни (фарзлигига) иймон келтиргани учун ва савоб умид қилиб, тутадиган бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади. Кимки, Қадр кечасини (фазилатига) иймон келтириб ва савоб умидида (ибодат билан) қоим қиладиган бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилур” (Имом Бухорий ривояти).
 
3-Унинг ҳаққига Аллоҳ ва фаришталари саловот айтадиган кишилардан бўл! 
Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: “Саҳарликни ейиш баракадир, шундай экан, ҳеч бўлмаса бир қултум сув ичиб бўлса ҳам (саҳарлик қилинг) уни тарк этманг. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла ва Унинг малоикалари саҳарлик қилувчиларга саловотлар айтурлар” (Имом Аҳмад ва Ибн Ҳиббон ривояти).
 
4-йил бўйи рўза тутувчилардан қаторидан бўл! 
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деётганларини эшитдим: “Сабр ойи (яъни рамазон) ҳамда ҳар ойдан уч кун рўза тутмоқ умрбод рўзадир” (Ибн Асокир ривояти). 
Абу Айюб Ансорий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Кимки, Рамазон (рўзаси)ни тутиб, сўнгра шаввол (ойи)дан олти кунни унга эргаштирса (яъни рамазондан сўнг шаввол ойидан олти кун нафл рўза тутса), бу умрбод рўза каби бўлади” (Имом Аҳмад, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Ибн Можа, Имом Абу Довуд ва Имом Насоий ривоятлари). 
Ҳадиси шарифда келган “умрбод рўза” деган сўз уламолар томонидан йил бўйи рўза тутиш деган маънода талқин қилинган.
 
5-Рўзасининг ажру савоблари қат-қат орттириб бериладиганлардан бўл! 
Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “кимки, рўзадорга ифтор қилиб берса, у кишига ўша (ифторлик қилдирилган рўзадор)нинг ажридек ажр қўшимча қилиб берилур, лекин ҳалиги рўзадорнинг ажри камайтирилмас” (Имом Термизий, Ибн Можа ва Ибн Ҳиббон ривоятлари).
 
6-Тенгсиз ишни амалга оширувчилардан бўл! 
Абу Умома ал-Боҳилий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “қайси амал энг афзал?”, деб сўради. Шунда Ул зот: “Рўза тут! Зеро, унинг тенги йўқдир!”, дедилар. (Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақий ривоятлари).
 
7-Бир марта эмас, икки марта байрам қилувчилардан бўл! 
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Аллоҳ таоло деди: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно. Зеро, у Мен учун ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман. Рўза (дўзах оловидан) қалқондир. Қачонки, бирингизнинг рўза тутадиган куни бўлса, ёмон сўзларни гапирмасин, бақир-чақир қилмасин. Агар биров уни сўкса ёки урушса “мен рўзадорман!”, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зотга қасамки, рўзадорнинг оғзидан келадиган ўзгарган (нохуш) ҳид Аллоҳ ҳузурида мискнинг ҳидидан-да хушбўйроқдир. Рўзадорнинг унинг-ла хурсанд бўладиган икки шодлиги бордир: оғиз очганда хурсанд бўлади ва Раббисига йўлиққанда (дунёда тутган) рўзаси туфайли хурсанд бўлади” (Имом Аҳмад ва Имом Муслим ривоятлари).
 
8-Асло ташна бўлмайдиган кишилардан бўл! 
Саҳл ибн Саъд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб дедилар: “Рўзадорлар учун жаннатда бир эшик бўлиб, унинг номи Райёндир. У эшикдан улардан бошқа ҳеч ким кирмайди. Охиргилари кириб бўлгандан сўнг, ёпилади. У эшикдан кирган одам борки, албатта сув ичади. Кимки, ундан ичса кейин абаду-л-абад чанқамайди” (Имом Бухорий ва Насоий ривояти).
 
9-Ўзига дўзахдан тўсиқ берилувчи бандалардан бўл! 
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу орқали Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганлари ривоят қилинади: “рўза қалқондир ва дўзахдан ҳимоя қилувчи мустаҳкам қўрғондир” (Имом Аҳмад ривояти).
 
10-Нубувват хислатлари билан хулқланувчилардан бўл! 
Абу Дардо разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “уч нарса нубувват хислатларидандир: ифторни эрта қилиш (яъни вақти кириши билан кечиктирмай оғиз очиш), саҳарликни кечроқ қилиш (яъни уни туннинг охирги вақтларигача суриш) ва намозда ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш” (Табароний ривояти).
 
11-Мукофотини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган амал соҳибларидан бўл! 
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: ““Аллоҳ таоло деди: “Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза бундан мустасно. Зеро, у Мен учун ва унинг мукофотини ҳам Ўзим бераман” (Имом Аҳмад ва Имом Муслим ривоятлари).
 
12-Дўзахдан озод бўлишдан ва мустажоб дуодан маҳрум қилинганлардан бўлма! 
Абу Ҳурайра ёки Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “(Рамазоннинг) ҳар куни ва ҳар кечасида Аллоҳнинг дўзахдан озод этилган қуллари бўлур ва улардан (рўза тутувчилардан) ҳар банданинг мустажоб бўлувчи бир дуоси бўлур” (Имом Аҳмад ривояти).
 
13-Гуноҳларни ўчирувчи нарсаларни тарк қилувчилардан бўлма! 
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дер эдилар: “Агар кабира гуноҳлардан сақланилса, беш вақт намоз, жума (намози) ўзидан кейинги жума (намози)гача, рамазон (рўзаси) ўзидан кейинги рамазон (рўзаси)гача орадаги гуноҳларга каффоратдир” (Имом Муслим ривояти).
 
14-Аллоҳ Ўз раҳматидан узоқлаштириб, дўзахга киритувчи бандаларидан бўлма! 
Жобир ибн Самура разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “(Бир куни) Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга чиқдилар ва “омин, омин, омин”, дедилар. Сўнг: “(ҳозиргина) менинг ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди ва: “эй Муҳаммад, ким ота-онасидан бирларига тирик ҳолларида етишгану сўнгра ўлган ва дўзахга кирган бўлса, Аллоҳ уни узоқ қилсин (лаънатласин!), омин, денг!”, деди. Мен: “омин”, дедим. Жаброил яна: “эй Муҳаммад, ким рамазонга етишсаю, сўнгра ўлса ва (рамазон туфайли) гуноҳлари кечирилмаса ва дўзахга киргазилса, Аллоҳ уни узоқ қилсин (лаънатласин!), омин, денг!”, деди. Мен: “омин”, дедим”. У: “(эй Муҳаммад), кимки, ҳузурида зикр қилинганингизда Сизга саловот айтмаса, кейин ўлса ва дўзахга кирса, Аллоҳ уни узоқ қилсин (лаънатласин!), омин, денг!”, деди. Мен: “омин”, дедим” (Таброний ривояти).
 
15-Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ҳаж қилишдан маҳрум бўлганлардан бўлма! 
Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Умму Синон исмли ансорийя аёл Набий алайҳиссалом билан ҳаж қилолмаганда Ул зот соллалллоҳу алайҳи ва саллам ҳалиги аёлни рамазонда умра қилишга чорлаб: “Рамазонда қилинган умра ҳажга тенг”, бир ривоятда: “Мен билан бирга адо қилинган ҳажга тенг”, деганлар (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари). 
Демак, рамазон ойида адо этиладиган умранинг фазилати ўзгача бўлади. У ажру савобда ҳаж амалига тенг бўлади. Зеро, бу ой эзгуликлар ойи, баракотлар ойидир. Шундай экан унда бажарилган ҳарқандай эзгу амалнинг ажру савоби ўзгача бўлади. Бу ойда қилинган умра эса савобда ҳажга тенглашади. Аммо, бу билан фарз бўлган ҳаж бўйиндан соқит бўлиб қолмайди.
 
16- Баракадан маҳрум бўлувчилардан бўлма! 
Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “саҳарлик қилинг, зеро саҳарликда барака бордир!”, дедилар” (муттафақун алайҳ).
 
17-Вақтидан илгари рўзасини очганлиги учун азобга қолувчилардан бўлма! 
Абу Умома разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деётганларини эшитдим: “мен уйқуда эканман (яъни тушимда) ҳузуримга икки киши келди ва икки билагимдан тутиб мени чиқиш қийин бўлган тоғга олиб келишди. Ва “чиқ!”, дейишди. “Чиқолмайман”, дедим. Шунда улар: “(сен чиқавер) биз сенга осонлаштирамиз”, дедилар. Шундан сўнг, тоққа чиқдим. Унинг тепасига келганимда қаттиқ товушлар эшитилди. “бу қандай товушлар?”, деб сўрадим. “булар дўзах аҳлининг увиллашларидир”, дейишди. Сўнгра, мен билан йўлда давом этди. Баногоҳ, болдирларидан осиб қўйилган, лунжлари йиртилиб, қон оқиб турган қавмга дуч келдик. “Булар ким бўлди?”, дедим. “булар рўзалари ниҳоясига етмасдан туриб (вақтидан илгари) оғиз очадиганлардир”, деди” (Ибн Хузайма ривояти).
 
Одилхон қори Юнусхон ўғли.

Манба: Muxlis.uz