Жаҳон | 18:01 / 20.06.2016
9530
2 дақиқада ўқилади

Баҳрайнда таниқли шиалар раҳнамоси фуқароликдан маҳрум этилди

Баҳрайн ҳукумати Ички ишлар вазирлигига шиаларнинг таниқли диний раҳнамоси шайх Исо Аҳмад Қасамни фуқароликдан маҳрум этиш бўйича кўрсатма берган. Бу ҳақда РИА Новости Баҳрайн ИИВга асосланиб, хабар тарқатган.

Баҳрайн ҳукумати ўз қарорини бу раҳнамо "Баҳрайн фуқаролигидан фойдаланган ҳолда ташкилот тузиб, хориждаги диний-сиёсий ташкилотларнинг топшириқларини бажараётгани" билан изоҳлаган.

Вазирлик маълумотига кўра, ушбу шайх қонуннинг 10та моддаси асосида фуқароликдан маҳрум этилган. 

"Ҳуқуқ тартибот органлари аниқлашича, шиалар етакчиси Баҳрайнда экстремистик конфессиялар тузилишида асосий ролни ўйнаган ва жамиятнинг бўлинишига хизмат қилган. Унинг омма олдида қилган чиқишларида хорижийларнинг манфаатлари ифодаланган", дейилган хабарда.

ИИВ баёнотига кўра, шайх Қасам доимий равишда Баҳрайнга душманона кайфиятдаги хорижий ташкилотларни қўллаб-қувватлаб келган. Бундан ташқари, унинг ҳисоб рақамларида манбаси номаълум бўлган ўн миллион доллар мавжудлиги аниқланган.

Ўтган ҳафтада Баҳрайн полицияси шиаларнинг бир қатор ташкилотларида рейдлар ўтказган, ташкилотларнинг раҳнамоларини қўлга олган ва ноқонуний маблағларни мусодара қилганди.

Бу ташкилотларнинг банклардаги ҳисоблари музлатиб қўйилган.

Бу текширишлар Баҳрайн ҳукумати томонидан Форз кўрфазидаги энг йирик диний партия бўлган "Ал-Вифоқ"нинг ёпилиши ортидан бошланди.

Баҳрайн ҳукумати томонидан билдирилишича, бу ташкилотларнинг барчаси Эрон томонидан молиялаштирилади ва мамлакат ҳудудида суннийлар ҳамда шиалар ўртасида низолар келтириб чиқариш билан шуғулланади.

Маълумот учун, Баҳрайн қироллиги оиласи сунний мазҳабида.