Жамият | 11:49 / 21.06.2016
31671
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда яна бир Mercedes русумли автобус ёниб кетди

Бугун, 21 июнь куни Тошкент шаҳрининг Олтин тепа кўчасида Mercedes Benz Conecto русумли автобус ёниб кетди. Бу ҳолатга оид видео ва суратлар Facebook ижтимоий тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳига жойлаштирилган. 

Видеода автобус салонининг орт қисмидан атрофга қуюқ тутун бурқсиётганини кўриш мумкин. 

Кўп ўтмасдан воқеа жойига ўт ўчирувчилар етиб келиб иш бошлаган. 

Ёнғиннинг келиб чиқиши сабаблари ва ҳодисанинг бошқа тафсилотлари маълум эмас.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг мазкур хабар остида қолдирган изоҳларида ёз мавсуми бошлангани айтилиб, бундан буён бундай ҳодисалар юз бера бошлашига ишора қилинган.

Маълумот учун, 2013 йил мартидан бери Тошкентда 16та автобус ёниб кетган. Шаҳарда охирги марта 2016 йилнинг 23 ва 26 февраль кунларида 2та Mercedes-Benz йўловчи автобусларида ёнғин чиққанди.

Тошкентдаги автобус ёнғинлари оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Ёнғинлар ҳақидаги хабарларда жабрланувчилар ҳақида ахборот берилмаган.