McLaren пойгачи супергибриди оддий йўлларга мослаштирилди
McLaren компанияси ўзининг пойгалардаги ҳамкори, Британиянинг Lanzante, ательеси билан бирга P1 GTR пойга супергибридини — оддий йўлларга мўлжалланган P1 LM моделига айлантирди. У, трек тоифасидан аэродинамикасининг яхшилангани, енгилашгани билан фарқ қилади. Бундан ташқари, унинг таннархига «Макларен»нинг махсус пойга дастурида иштирок этиш қиймати ҳам қўшилмайди.
Lanzante муҳандислари P1 GTRдан Race Active Chassis Control фаол подвескаси, пневматик домкратларни олиб ташлаб, болтлар ва турли маҳкамлагичларни титанлиларга алмаштирган. F1 GTR ўриндиқлари ўрнатилган. Шиша ойналари Lexan поликарбонатига алмаштирилган. Натижада, машина 60кгга енгиллашиб, 1437 килограммни ташкил этган.
Шунингдек, орқа аксилқанот шаклини ўзгартирилиб, олдсплиттер кенгайтирилган. Бу, P1 GTRга нисбатан босиш кучини 40 фоизга кучайтириш имконини берган.
P1 LM интерьерига P1 GTR каби тўлиқ карбон ва алькантара билан ишлов берилган. Рул чамбарагининг марказий қисми MP4/23 услубида ишланган. Приборлар панелидаги рангли экран сақлаб қолинган, олд панелга яна бир рангли дисплей жойланган. Шунингдек, кондиционер ҳам ёддан кўтарилмаган.
1000 от кучига эга, 3,8-литрли жуфттурбо V8 двигатели ҳамда 200-қувватли электромотор деярли ўзгартирилмаган. Lanzante муҳандислари уларнинг иссиқлик изоляцияси ва оралиқ совутгичини яхшилашган холос. Модель титан ва инконелдан ясалган тутун чиқариш тизимига эга бўлган.
P1 LM тўпламига, динамометрик калит, диагностика ускунаси, автомобиль чехоли, 1:8 нисбатдаги модели ҳамда суратлар киритилган. P1 GTR нинг йўл тоифасидан атиги 6 дона ишлаб чиқарилади. Ундан бештаси мижозларга сотилади, биттаси компания ихтиёрида қолади. Айни шуниси, 26 июнь кунги Гудвуддаги Тезлик фестивалида қатнашади.
Фото: motor.ru