Иқтисодиёт | 22:07 / 24.06.2016
10693
1 дақиқада ўқилади

Туркия меҳмонхоналарида "барчаси киритилган" тизими йўқолиши мумкин

Туркия сайёҳлик агентликлари уюшмаси раҳбари Башаран Улусой олинаётган даромадлар пасайиши сабабли турк меҳмонхоналарида "барчаси киритилган" тизимини қадамма-қадам йўқ қилишга чақирди. Бу ҳақда Anadolu ахборот агентлиги хабар бермоқда

"Бу тизим тежамкор, оиласи билан келадиган сайёҳлар учун ўзига тортувчи тизимдир. Бундай меҳмонхоналар йилдан йилга харажатлар кўпаётганига қарамасдан нархларни ошира олмайдилар. Биз бу тизим бўйича ишловчи меҳмонхоналар сонини секин-аста камайтиришимиз керак", деб айтди Улусой. 

23 июнда Туркия сайёҳлик бизнеси вакиллари мамлакат бош вазири Биноли Йилдиримга сайёҳлик соҳасидаги шароитларни яхшилаш бўйича таклифлар билдирилган маърузани тақдим қилганлар.

Туркия сайёҳлик секторини қутқариш бўйича режа сайёҳлик компаниялари қарзини реструктуризациялаш механизмларини жорий қилиш ва  90 млн долларлик молиялаштиришни ўз ичига олади. 

Аввалроқ Анталья ёзги мавсумда 96 фоиз россиялик сайёҳларни йўқотиши маълум қилинганди.