Жаҳон | 07:28 / 27.06.2016
9057
1 дақиқада ўқилади
Сингапурда йўловчи самолёти қўниш вақтида ёниб кетди
Singapore Airlines авиакомпаниясининг самолёти 27 июнда ўнг қаноти ёниб кетгани сабабли фавқулодда қўнишни амалга оширди. Channel News Asia телеканалининг хабар беришича, Сингапурнинг "Чанги" аэропортида юз берган воқеа оқибатида ҳеч ким жабр кўрмаган.
Boeing 777 самолёти Сингапур-Милан йўналиши бўйича парвоз амалга ошираётган бўлган. Учувчи самолёт ҳавога кўтарилгандан кейин 2 соат ўтиб двигателлардан биридаги муаммо сабабли ортга қайтишга қарор қилган. Дастлабки маълумотларга кўра, гап ёнилғи оқиб кетиши ҳақида бормоқда. Самолёт қўниш вақтида ўнг томонида кучли ёнғин чиққан, ўт ўчирувчилар саноқли дақиқалар ичида етиб келганлар.
Айни вақтда ҳуқуқ-тартибот муассасалари ҳамда авиакомпания воқеанинг сабабларини ўрнатмоқда.