Спорт | 17:42 / 28.06.2016
22436
4 дақиқада ўқилади

Sports.ru "Насаф" - "Сўғдиёна" ўйини келишилган ўйин бўлганини билдирди

Sports.ru сайти блогери Ўзбекистон чемпионатининг яна бир учрашуви келишилган бўлганини тахмин этди.

Сайтдаги «Узбекская кухня» номида фаолият юритадиган блог ўзбек футболи ҳақидаги таҳлилий материалларни бериб боради. Унинг навбатдаги сонида журналист Евдоким Раимовнинг "Ҳамма йўллар Қаршига олиб боради" номли пости эълон қилинди. Унда 26 июнь куни Олий лиганинг 14-тури доирасида Қарши шаҳрида маҳаллий "Насаф" ва Жиззахнинг "Сўғдиёна" жамоалари учрашуви таҳлил қилинган.

Учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган ва бу натижадан кейин "Насаф" турнир жадвалининг учинчи поғонасига кўтарилган. Ўйиннинг биринчи бўлимида қаршиликлар 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олишган. Охирги 10 дақиқалик бошланганида эса 1 гол ўтказиб юборилган.

Қуйида Евдокимовнинг ушбу учрашув бўйича мулоҳазалари баён қилинган пост таржимаси келтирилади.

12 март куни блогимизда «Сўғдиёна» клуби матбуот хизмати «Чемпион» газетасини судга бермоқчи экани ҳақида ёзган эдик. Гап шундаки, газета «Бошлаб бераркансизларда» сарлавҳаси билан «Металлург» ҳамда «Сўғдиёна» клублари иштирокидаги ўйиннинг тоза ўтмаслигига ишора қилган. Бироқ клуб «Чемпион»ни судга бермади ва клуб матбуот хизмати бу нашрга босим ўтказишни бас қилди. Чунки ўша ўйин ростдан ҳам барча «тахмин»ларни оқлади.

«Сўғдиёна» жамоаси бош мураббийи Даврон Файзиев учинчи марта бизнинг блогимиз меҳмони бўлмоқда. 2014 йилда ҳам унинг «ўйин»лари ҳақида гаплашган эдик. Эътибор беринг, «Сўғдиёна» биринчи даврада «Металлург» ва «Навбаҳор» меҳмони бўлиб бир хил 2:4 ҳисобларида имкониятни бой берди. Иккинчи даврада эса ҳар икки жамоани 5:4 ҳисоблари билан мағлуб этди.

БУ БИРИНЧИДАН
Блог ўқувчиларининг 63 фоизи фикрича, Ўзбекистон чемпионатининг жорий мавсуми биринчи туридан ўрин олган «Металлург» ҳамда «Сўғдиёна» жамоалари ўртасидаги ўйин келишилган. Чунки ўйин давомида футболчилар ўзларини ғалати тутишган. Миш-мишларга қараганда «Сўғдиёна» мураббийи ўзининг ғалабасига «тиккан».

БУ ИККИНЧИДАН
Энди бугуннинг гапига ўтамиз. 26 июнь куни «Сўғдиёна» Қаршида «Насаф» меҳмони бўлди ва 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Бир қарашда етакчилардан бирининг кутилган ғалабаси, лекин киритилган голлар ўйиннинг у қадар тоза ўтмаганини кўрсатади.

Биринчидан. Бу ўйинда меҳмонлар дарвозасини Тимур Ғаниев қўриқлади. Бизнинг эски қадрдонимиз «Насаф»нинг ҳужуми вақтида тўпни ушлаб олди ва «кутилмаганда» уни олдидаги рақиб ҳужумчиси олдига ташлаб берди. Бундан фойдаланган Деян Больевич осонлик билан гол уриб, ҳисобни 2:0 кўринишига етказди.

Энг асосийси. Ғаниев саккизинчи турдан буён асосий таркибдаги ўрнини бой берган эди, лекин кечаги ўйин олдидан жамоанинг асосий дарвозабони Музаффар Абдуллаев «кутилмаганда» бетоб бўлиб қолди.

Иккинчидан. «Насаф» ҳимояси.
Кеча «Насаф»нинг уч нафар асосий ҳимоячиси Мақсуд Каримов, Шерзод Аъзамов ва Шуҳрат Муҳаммадиев майдонга тушмади. Уларнинг ҳеч бирида жароҳат йўқ эди. «Насаф»нинг чемпионлар лигасида ўйини бормиди? Ёки Еврода? Йўқ. Тўртинчи сариқ карточкани олиш хавфи ҳам йўқ эди. «Сўғдиёна»нинг ягона голига Фаррух Шотурсунов муаллифлик қилди. Бир қарашда оддий қарши ҳужум, лекин дарвозабон яқин бурчакка йўлланган кучсиз зарбани ўтказиб юборган.

Хулллас мана шунақа гаплар...
Мақола тугади.