Жамият | 12:41 / 30.06.2016
32642
7 дақиқада ўқилади

Рамазон ва ҳайит кунини белгилаш кимнинг зиммасида?

Рамазон ойи кириб келар экан баъзи кишилар масъул бўлмаган нарсалар ҳақида бошқотириб, ўзлари билмаган ҳолда ўзаро кўнгилсизликлар келтириб чиқарадилар. Рамазон ойи бошида безовталаниб, бир-бирларига: “Фалон-фалон давлатда бугун рўза тутибдилар, биз нима қиламиз ёки биз рўза тутиб қўйибмиз-ку, бошқа давлатдагилар ҳали тутмаган эмишлар, энди нима бўлади?” деган турли хил гаплар тарқатиб юришлари қулоқларимизга чалиниб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай гапларнинг тарқалиши нафақат рамазон ойининг бошланишида, балки охирида ҳам кузатилади. Масалан: “Фалон мамлакатда бугун ҳайит экан, биз эса ҳали рўзадормиз ёки бугун бизда ҳайит, ваҳоланки фалон давлат аҳолиси рўзаларини очмабдилар”. 

Тўғри,  баъзида бу каби гаплар кимларгадир тасалли бўлиши мумкин, лекин бора-бора бу “тасаллилар” фитна эшиги очилишига сабаб бўляпти, мусулмонлар ўртасида тарафкашлик, тарқоқлик ҳамда ихтилофни келтириб чиқаряпти. Натижада, мусулмонлар ўртасида ака-укачилик ришталари узилиб, ўзаро бирликлари йўқолиб бормоқда.

Қанча-қанча кишилар борки, шариат масалалари борасида масъул бўлган кишилар томонидан рамазон ойининг тугаганлиги ва эртага ҳайит намози эканлиги ҳақида эълон қилинганини эшитсаларда, бундай фатво билан қониқмай, ўз ҳамтовоқлари билан рўзаларини давом эттиришга келишиб оладилар. Яна шундайлари борки, динда масъул шахслар томонидан рамазон ойини бошланиш куни эълон қилинганини эшитадилар. Бироқ ўзга мамлакатларда бошқа кун эканини билсалар, ўз юртларидаги мазкур фатвога қониқиш ҳосил қилмаганлари сабаб, эртаси куни рўза тутмайдилар. Афсуски, бу ҳолат ҳар йили давом этмоқда, тўхтагани йўқ! Бундай ҳолатда нима қилишимиз керак?...

Яхшиси, келинг, барчамиз бир ҳақиқатга эътиборимизни қаратайлик. 

Азизлар! Шариат масалалари борасида масъул бўлмаган, шу билан бирга илмсиз бўлган кишилар бундай ишга аралашишлари ёки ўзларидан келиб чиқиб бўлсин ёки бошқа мамлакатларга қараб бўлсин турли хил фикрларни билдиришлари, устига-устак инсонлар орасида шак-шубҳаларни пайдо қилишлари беҳудага вақтни сарфлаш ҳамда ўринсиз чираниш ҳисобланади. Набий алайҳиссалом: “Киши ўзига муҳим бўлмаган (беҳуда) нарсаларни тарк қилиши исломининг гўзаллигидандир”, дея марҳамат қилганлар. (Абу Ҳурайра ривояти) 

Аллоҳ таоло бандаларига вожиб қилган нарсалар икки қисмдир.  

Ҳар бир шахс бевосита ўзи бажарадиган буйруқлари. Бу қисмда ҳар бир киши ўзига буюрилган вожибларни адо қилиши хусусида масъул бўлади.
Ҳар бир шахс билвосита бажарадиган буйруқлар. Бу қисмда ҳар бир киши мусулмонларнинг ишбошилари яъни, муфтийлар, имомлар томонидан буюриладиган вожиб амалларни адо этиш хусусида масъул бўладилар. Ушбу қисмдаги масъулиятни ана шу ишбоши – раҳбар ўз зиммасига олади. Чиқарган фатвоси тўғри бўлиши ҳам мумкин, хато бўлиши ҳам мумкин. Тўғри бўлса, нур устига нур бўлади. Мабодо чиқарилган фатво Яратганнинг наздида хато саналса, унинг гуноҳи барчани қамраб олмайди, балки фатво чиқарганнинг ўзига тегишли бўлади, холос. Лекин мусулмонлар мазкур икки ҳолатда яъни, тўғри топиши ёки хато қилиб қўйиши мумкин бўлган ҳолатда ҳам муфтийлари чиқарган фатвога, имомлари етказган хабарларга эргашишлари, улар йўллаган йўлдан юришлари ва албатта, кўнгиллари хотиржам бўлиши лозим бўлади. Зеро, шундай йўл тутиш Аллоҳ таолонинг буйруғига итоат этиш демакдир.
Бу хусусда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг”. (Нисо сураси: 59-оят)

Демак, бир юртнинг диний раҳбари рамазон ойининг бошланишида “Эртага рўза тутамиз, Иншааллоҳ”, деб айтса ёки Рамазон ойи якунланишида: “Бу кеча рамазоннинг сўнгги куни, эртага ҳайит байрамини нишонлаймиз, Иншааллоҳ”, деб эълон қилса, шу юртнинг барча мусулмонлари буйруққа амал қилиши лозим бўлади.

Ана энди бирор бир мусулмон шахс мазкур фатвонинг зиддига амал қилиши ёки маҳалла-кўйда ёки қавму-қариндошлари олдида фитна ўчоғини ёқиб, фалон-фалон мамлакатларни бир-бирига қиёслаши мутлақо тўғри эмас. Шунингдек, юқорида таъкидлаганимиздек, Рамазон ойи кириб келишида: “Фалон-фалон давлатда бугун рўза тутибдилар, биз нима қиламиз ёки биз рўза тутиб қўйибмиз-ку, бошқа давлатдагилар ҳали тутмаган эмишлар, энди нима бўлади?” ёки Рамазон ойи якунида:“Фалон мамлакатда бугун ҳайит экан, биз эса ҳали рўзадормиз ёки бугун бизда ҳайит, ваҳоланки фалон давлат аҳолиси рўзаларини очмабдилар”, дея мусулмонларнинг қалбларида ўзларининг диний раҳбарларига нисбатан ёмон кўриш, нафратланиш ҳис-туйғусини уйғотадиган турли хил фитна гапларни тарқатиши гуноҳ саналади. Чунки, бу нарсалар фақат ва фақат мусулмонлар орасида парокандаликни олиб келади. Бу иш тутиш шайтон очган эшик ҳисобланади. Бу эшикнинг ортида фақат тарқоқлик, ўзаро ихтилофликлардан бошқа нарса яширинган эмас. Аллоҳ таоло ушбу эшикдан киришга биз мусулмонларни буюрмаган, қолаверса, диний раҳбарлар зиммасидаги ишлар ҳақида бош қотириш масъулиятини зиммамизга юкламаган. Қолаверса, бундай ишлар билан машғул бўлиш инсоннинг вақтини, умрини беҳудага совурадиган ишдан бошқа нарса эмас.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ижтимоий ишларни Аллоҳ таоло ёлғиз шахслар, фуқароларга боғлаб қўймаган. Балки, бундай ишларни мусулмонлар раҳбарларига топширган. Тўғри, гоҳида ишбоши ҳам хато қилиши мумкин. Лекин уларнинг йўл қўйган хатолари ҳақида қиёматда бизлар сўралмаймиз. Балки бизлар Қуръони каримдаги ояти карималар ҳамда ҳадиси шарифларда келган буйруғ-у ўгитларга амал тариқасида раҳбарларимиз фатволарига эргашмоғимиз лозимдир. 

Азизлар! Мабодо эртанги кунда юқорида айтганимиздек, бирор кишиларни ўзаро йиғилишиб олиб, шу каби фитналарни тарқатаётганини кўриб қолсак, ёки эшитиб қолсак, дарҳол бу очилган эшикни ёпиб қўймоғимиз, айтаётган сўзлари-ю, қилаётган ишлари бекордан-бекорга вақтларини зое қилиш, беҳудага ўзларини машаққатга солиш эканини уқтиришимиз, бу ишнинг фитна эканлиги ва оқибати ёмон ҳолат билан якунланишини айтиб, мусулмонларнинг якдиллиги, бирлигини сақлаб қолишимиз барчамизнинг бурчимиздир. Унинг ўрнига зиммамиздаги мажбуриятлар билан машғул бўлиб, авваламбор, ўзимизга қолаверса, яқинларимизга фойдаси етадиган ишларни қилмоғимиз ҳамда эртанги кун - қиёмат куни масъул бўладиган амалларни ўз вақтида адо этишимиз ва камчиликларимизни ўнглашимиз зарур.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу!  

Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Баратов Ғиёсиддин манбалар асосида тайёрлади / Манба: Muslim.uz

Мавзуга оид