Евро-2016 финали ҳақида 10 та қизиқарли факт
Евро-2016 финалига KIA компанияси ва "Чемпионат" нашри Португалия ва Франция терма жамоалари ўртасидаги финал учрашуви ҳақида 10 та қизиқарли факт тайёрлади.
1. Портулагия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду мусобақанинг яримфиналида Уэльсга урган голи эвазига Европа чемпионати тўпурарлари рўйхатида афсонавий Мишель Платинига етиб олди – энди иккала футболчининг ҳисобида 9 тадан гол бор ва Роналдуда Платинидан фарқли ўлароқ, бу натижани яхшилашга имконият мавжуд.
2. Франция Европа чемпионати финалига 2000 йилдан, Португалия эса 2004 йилдан бери биринчи марта чиқди. Францияликлар учун бу 3-финал, португалияликлар учун эса 2-финал бўлади.
3. Мусобақанинг энг яхши тўпурарлари Криштиану Роналду ва Антуан Гризманн бир ой аввал Чемпионлар Лигаси финалида бир-бирларига қарши ўйнашганди. Француз ўша ўйинда асосий вақтда пенальтини ура олмаганди, унинг "Атлетико"си эса пенальтилар сериясида ютқазиб қўйганди.
4. Франция терма жамоаси ҳужумчиси Антуан Гризманн 2004 йилдан бери бир Европа чемпионатида 4 тадан кўпроқ гол ура олган биринчи футболчи бўлди. Бу борада 1984 йилги Европа чемпионатида 5 та ўйинда 9 та гол ура олган яна бир француз – Мишель Платини рекордчи ҳисобланади.
5. Финал учрашуви ўтадиган "Стад де Франс" стадиони 1998 йилги жаҳон чемпионати учун қурилган ва мундиал ҳамда Чемпионлар Лигаси финалларини қабул қилган. Жорий Еврода Сен-Денидаги стадионда 6 та учрашув ўтказилди.
6. Франция ва Португалия Евро-2000 яримфиналида учрашишган. Ўшанда қўшимча вақтда Зинедин Зидан томонидан амалга оширилган пенальти ҳисобига французлар ғалабага эришганди. Финалда французлар италияликларни мағлуб этиб, чемпионат ғолиби бўлгандилар.
7. Франция бош мураббийи Дидье Дишам ноёб натижага эришиши мумкин, яъни унда Европа чемпионатини ҳам футболчи, 16 йил ўтиб эса яна мураббий сифатида ютиш имкони мавжуд.
8. Европа чемпионатининг финал босқичларидаги расмий учрашувларда Португалия бирор марта ҳам Францияни юта олмаган. Европа чемпионатларидаги икки жамоа ўртасидаги иккала учрашув ҳам асосий вақтдаги 1:1 ҳисобидаги дуранг натижадан кейин қўшимча вақтда французларнинг ғалабаси билан якунланган.
9. Криштиану Роналду Уэльс билан яримфинал ўйинидан олдин ўз мухлислари билан шундоқ майдонда суратга тушди. У суратга тушган икки мухлис ҳам учрашув олди шоуси иштирокчиси бўлган, бироқ жамоалар майдонга чиқаётган вақтда айёрлик ишлатиб, майдонда қолишга муваффақ бўлишган.
10. Португалия футболчиси Ренату Саншеш жуда эрта ёшда асосий таркибдан ўрин ололган ҳолда Европа чемпионатини 18 ёшида ютиш имконига эга. Агар бу юз берса, у тарихга Европа чемпионатини ютган энг ёш футболчи бўлиб киради.
Манба: Tribuna.Uz