Жамият | 10:33 / 12.07.2016
22834
3 дақиқада ўқилади

Кун ҳикмати: ШУКР, ЗИКР, ФИКР

Борига қаноат қил, озод яша,
Эй Рудакий, одил ва обод яша.
Ўзингдан ортиқни кўриб ғам ема,
Сендан ожизлар бор, кўриб шод яша.

«Бировни кўриб фикр қил, бировни кўриб шукур қил, бировни кўриб зикр қил»-деган ҳикмат бор. Шунга монанд Муҳаммад пайғамбар «жим турганим фикр қилганим, тоат-ибодат ва илмим шукур қилганим, сўзлаганим зикр қилганим» деб эътироф этганлар.

Инсон дилида қаноат ҳисси бўлмасса тўкинлик, ризқ-рўз, насиба ҳам бут бўлмаслиги аён. Рудакий ҳаёт тарзига мезон бўлғувчи тушунчаларни шундай эътироф этади: қаноат, озодлик, одиллик, ободлик ва шодлик. Буларнинг инсон ҳаётида ўрни ҳам, қадри ҳам борлиги таъкидланади. Рубоийда «яша» ундовидан олдин «озод», «обод» ва «шод» сўзларини келтирилишига эътибор беринг. Юртнинг озодлиги, шахснинг эркинлиги бўлмаса, эл-юртда одиллик ва ободлик ҳам бўлмайди. Адолат ва фаровонлик бўлмаган жойда шодлик бўлиши мумкинми? Асло йўқ. Мана, Рудакийнинг ижтимоий-фалсафий қарашлари. Бировга бақамти бўлиб яшаш, бош эгик, қарам ҳолда тутқунликда кун кечиришдан кўра, тик туриб ўлиш афзаллиги уқтирилади. Ер ва эл қадрини билиш, кўнгилдаги шукроналик, ўзингга раво кўрганни ўзгага ҳам раво кўришлик осойишта ва фаровон ҳаётнинг ўлчови деган мазмунни англаш мушкул эмас.

Худди шу мазмун Алишер Навоийда бошқача тарзда ўз тасдиғини топади. Мана у.
То ҳирсу ҳавас хирмани барбод ўлмас,
То нафсу ҳаво қасри барафтод ўлмас,
То зулму ситам жонига бедод ўлмас,
Эл шод ўлмас, мамлакат обод ўлмас.

Йирик мутасаввуфлардан бири Шақиқ Балхий шогирди Иброҳим Адҳамдан сўрайди.
-Не важ ила умргузаронлик этаяпсан?
-Бўлса еймиз, бўлмаса сабр этамиз,-дейди шогирд.
Устознинг жаҳли чиқди.
-Сенинг бу ишингни бизнинг Хуросоннинг кўппаклари ҳам қилади. Уларга ҳам гўшт, суяк ташласанг, ейди, ғажийди. Йўқса, тилини чиқазиб, думини ликиллатиб тураверади.
-Унда сиз нима қиласиз? -таажжубланиб сўради шогирд.
-Биз бўлса баҳам кўрамиз, бўлмаса ҳам шукур қиламиз. Биз ёниб-куйиб ишлаймиз. Баракатни ҳаракатда деб биламиз. Ўзимга қандай манфаат деб эмас, ўзгага қандай манфаат етди,-деб куюнамиз. 
Англашилаяптики, мутасаввуфлар наздида шукроналик ва қаноат тушунчаси янада чуқурроқ маъно касб этган.

Мавзуга оид