Спорт | 14:09 / 14.07.2016
11129
5 дақиқада ўқилади

Tribuna.uz: Европа чемпионатида порлаган 11 футболчи

Францияда навбатдаги футбол бўйича Европа чемпионати якунланди. Бу гал мусобақада илк марта 24 жамоа қатнашди. Шунга яраша ўйинлар сони ҳам кўп бўлди. Уэльс терма жамоасининг ярим финалгача етиб келгани, Ирландиянинг гуруҳдан чиққани, Исландиянинг чорак финалгача боргани ва гуруҳда учинчи ўринни олган Португалиянинг чемпион бўлгани янги формат ўзини оқлаганини исботлаган бўлса, Италия ва Германиянинг ¼ финалдаёқ тўқнаш келгани, Италия ва Испаниянинг чорак финалда учрашгани ва Франциянинг биттагина ўйинда жиддий рақибга дуч келиб, финалга чиққани янги форматнинг камчиликларини кўрсатиб берди.

Одатда мусобақа якунлангандан кейин ўзига хос расмий ва норасмий терма жамоалар, ҳар хил версиялар бўйича энг яхшилар аниқланади. Tribuna.uz эса турнида порлаган энг яхши 11 футболчини ўз талқини бўйча танлашга ҳаракат қилади.

Дарвозабон

Габор Кирай

Венгрия терма жамоаси дарвозабони мусобақанинг энг ёши катта иштирокчиси эди. 40 ёшли посбон дарвозани қандай қўриқлар экан, деб кўпчилик ҳайрон қолганди, лекин Кирай шу ёшда ҳам ажойиб формада бўлиш мумкин эканини исботлади. У ажойиб тарзда ўйин кўрсатиб, бир турда УЕФА расмий сайтининг рамзий терма жамоасидан ўрин олди. Мухлислар уни ёқтириб қолишди. Францияда Кирайникига ўхшаш шалварлар “мода бўлди”.

Ҳимоя

Жошуа Киммих

“Бавария”нинг ёш ҳимоячиси шунчалик зўр ўйнадики, у мусобақанинг рамзий терма жамоасидан ўрин олди. “Бавария”даги дебютидан кейин Гвардиола майдоннинг ўртасида тўхтатиб олиб, руҳлантирган ва кўрсатма берган йигитча мана шу Киммих эди.

Самюэль Юмтити

Франция терма жамоаси сафида Одил Рамининг дисквалификациясидан кейин майдонга тушди ва шундай ўйин кўрсатдики... У ҳозир “Барселона” аъзоси. Испанлар ниҳоят кучли марказий ҳимоячига эга бўлди.

Рафаэль Герреру

Ёзги трансфер ойнаси вақтида “Боруссия”га ўтган Португалия терма жамоаси футболчиси. У қанотда жуда фаол ўйнади. Финалда жарима зарбасини тўсинга теккизган футболчини эсладингизми?

Жером Боатенг.

Германия чемпион бўлганда мусобақанинг энг яхши футболчиси бўлишга номзод Боатенг эди. Уни таянч ярим ҳимоясида қанчалик ажойиб ўйин кўрсатишини билардик, лекин марказий ҳимояда… Боатенг қўрғон вазифасини бажарди марказда. Бу Боатенг марказий ҳимояда ўйнаган илк йирик мусобақа эди. Жером шубҳасиз Европа чемпионатининг энг яхши футболчиларидан бўлди. Ўзи учун янгилик бўлган позицияда бундайин ёрқин ўйин кўрсатиш осон эмас. Чорак финалдаги пенальти? Бунақаси ҳаммада ҳам бўлиши мумкин…

Ярим ҳимоя.

Эмре Мор

Туркия гуруҳда қолиб кетди, лекин турклар Европага Эмре Мордай ажойиб футболчини бериб кетишди. У тез орада жаҳон футболи юлдузига айланиши ҳеч гап эмас. Янги мавсумни Эмре “Боруссия”да бошлайди.

Ренато Санчеш

Мусобақанинг энг яхши футболчиларидан бири. Энг яхши ёш футболчи номини расман қўлга киритган Санчешга бемалол энг яхши футболчи унвонини ҳам берса бўларди. “Бавария” қандай ажойиб футболчини қўлга киритганини, “Барселона”, “Реал” ва “МЮ” қандай ажойиб футболчини қўлдан чиқаришганини билишармикин?..

Жо Аллен

“Ливерпуль” футболчиси Клопп келганидан кейин яна асосий таркибда туша бошлади. У эса Европа чемпионатида ажойиб ўйин кўрсатиб, жамоаси билан ярим финалгача етиб келди. УЕФА рамзий терма жамоасидан ҳам ўрин олди.

Муса Сиссоко

“Ньюкасл” футболчиси ҳам бошида асосий таркибда тушмади. Дешам берган биргина имкониятдан унумли фойдаланди ва терма жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланди. Финалда мезбонлар сафида энг фаол бўлди. Мусобақадан олдин унинг трансферини 15 миллион фунтга баҳолашганди. Ҳозир “Ньюкасл” ҳаммага 40 миллион фунт берасан деб турибди…

Ҳужум

Эдер

Мусобақа давомида деярли кўринмаган футболчи биргина финалда ҳаммасини ҳал қилиб қўя қолди. Футболда ҳам ҳаётдаги каби ҳаммасини лаҳзалар ҳал қилади.

Робсон-Кану

11 йилдан буён “Рединг” билан чемпионшип ва АПЛ орасида сарсон бўлган Уэльс терма жамоаси ҳужумчиси бутун умр Европа чемпионатини кутган кўринади. Бўлмаса, бундай ёрқин ўйинни нима деб аташ мумкин? Унга аллақачон премьер-лигадан харидорлар чиқмоқда.

Бу жамоада авваллари, бошқа мусобақаларда порламаган футболчиларга эътибор беришга ҳаракат қилдик. Чунки юқоридаги футболчилар ростакамига бутун дунё футбол оламига ўзини муносиб тарзда танита олди.

Манба: Tribuna.uz