Жаҳон | 17:41 / 30.07.2016
17951
2 дақиқада ўқилади

Қозоқ-турк лицейлари тақдирига ойдинлик киритилди

Қозоғистон фан ва таълим вазирлиги матбуот котиби Айгерим Алибекова Facebook саҳифасида, мамлакатдаги қозоқ-турк лицейлари ёпилиши мумкинлиги тўғрисида ОАВда пайдо бўлган хабарларга нисбатан маъмуриятнинг расмий қарашини билдирди.

"Қозоғистондаги қозоқ-турк лицейлари ўз фаолиятини давом эттиради. Ушбу таълим муассасалари  (республика бўйлаб жами 27та) қандай фаолият юритган бўлса, шундай давом этади, ота-оналар ва ўқувчилар янги мактаб қидиришни ўйламасалар ҳам бўлади", – деган у. 

Алибекованинг таъкидлашича, ушбу лицейларнинг Туркияга умуман алоқаси йўқ, у ердаги таълим қозоқ ва халқаро таълим стандартлари асосида олиб борилади. 

"Қозоқ-турк лицейлари фаолиятини назорат қилувчи халқаро «KATEV» жамоатчилик фонди, ўз вақтида президентлар Нурсултон Назарбоев ва Турғут Ўзалларнинг маъқуллаши билан ташкил этилган эди", – деб ёдга олган вазирлик матбуот вакили. 

Унинг таъкидлашича, "сўнгги 3 йилда лицейлар ўқувчилари 5327 та медаль эгаси бўлишган, шундан 986 таси Бразилия, АҚШ, Россия, Жанубий Корея, Хитой, Руминия, Канада, Греция, Грузия, Германия ва Японияда бўлиб ўтган халқаро фан олимпиадаларида олинган совринлардир. Шу билан бирга, лицейларда таълим берадиган 1124 ўқитувчининг 1030 нафари Қозоғистон фуқароси (91,7 фоиз), 94 ўқитувчи Туркия фуқаролари (8,3 фоиз)дир".

Мавзуга оид