Фан-техника | 17:03 / 06.08.2016
81200
3 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг тезкор ҳарбий самолётлар

Бундан 150 йиллар муқаддам, инсоният парвоз қилишни орзу қилгани ҳеч кимга сир эмас. Бироқ, тарихан шу қисқа вақт ичида технология шунчалик тараққий этдики, эндиликда парвоз қилиш оддий ҳолга айланди. Ундан ҳеч ким ажабланмайди ҳам. Инсоният, нафақат ҳавога кўтарилишни ўрганди, балки техник имкониятларни тамокомиллаштириб борди. Қурилмаси ҳавога зўрға кўтарилган ака-ука Райтлар, бугунги кундаги самолётларнинг қисқа фурсатда товуш тезлигидан ҳам тез учаётганини кўришганида лол қолишган бўлишарди, балки. Шундай қилиб, танишинг, дунёдаги энг тезучар самолётлар:

6.  Су-27, энг юқори тезлиги: 2,35 Мах

1985-йили намойиш этилган Су-27 Американинг F-14, Tomcat ва F-15 қирувчи самолётларига бевосита рақобатчи бўлди. Ундан асосан бомбардимончи самолётларни кузатиб бориш ва узоқ масофаларда ҳаво ҳужумидан ҳимояни таъминлаш мақсадида фойдаланилган.

5.  General Dynamics F-111, энг юқори тезлиги: 2,5 Мах

F-111 АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари сафида 1960-йилларда пайдо бўлган. Ундан  Австралия ва АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари учун жами 563 дона ишлаб чиқилган бўлиб, 1990-йилда жанговар сафдан олинган. 

4.   McDonnell Douglas F-15 Eagle, энг юқори тезлиги: 2,75 Мах

Ушбу моделнинг асосий жиҳатларидан бири, ўта юқори ҳаракатчанлигидир. Учувчи маҳоратли бўлса, рақибнинг ўзидан устунроқ самолётини ҳам доғда қолдириши мумкин. F-15 Eagle чиққанидан бошлаб, Исроил, Саудия Арабистони ва Япониянинг ишончига сазовор бўлди. Ушбу мамлакатлар, ундан қирувчи мудофаа самолёти сифатида фойдаланади. Экспертларнинг таъкидлашича, McDonnell Douglas F-15 Eagle 2025-йилдан кейин ҳам АҚШ қуролли кучлари сафида қолади. 

3.  МиГ-31, энг юқори тезлиги: 2,83 Мах

Собиқ иттифоқ конструкторлари томонидан ишлаб чиқилган тутувчи-самолёт. Ушбу моделдан ҳозиргача Россия ва Қозоғистон ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан фойдаланиб келинади. Россия мудофаа вазирлиги 2030-йилгача МиГ-31ни сафдан чиқариш ниятида эмас. 

2.  XB-70 Valkyrie, энг юқори тезлиги: 3 Мах

XB-70 Valkyrie самолётининг бортига бир-иккита эмас, 6та кучли двигатель ўрнатилган бўлиб, шунинг ҳисобига у товуш тезлигидан 3 баробар тезроқ уча олади. Ўша пайтдаги биронта совет самолётлари бундай натижа билан фархлана олмас эди. Бундан ташқари, ўта муҳим вазифани бажарган учувчи XB-70 тезлиги ёрдамида ядро бомбаси портлашидан ҳам омон қолиши керак эди. Шунга қарамай, ундан атиги иккита ишлаб чиқарилган, холос. 

1.  Lockheed SR-71 Black Bird, энг юқори тезлиги: 3, 43 Мах

SR-71 Black Bird айғоқчи-самолёт сифатида лойиҳалаштирилган. Фюзеляжнинг ўзига хос конструкцияси SR-71нинг радар экранларидаги ўлчамини кичрайтириб кўрсатган. АҚШ ҳарбий ҳаво кучлари учун 32 дона ишлаб чиқилган бўлса, унинг 12таси учувчиларнинг айби билан ҳалокатга учраган. Ахир, 1966-йили инсон ҳали товуш тезлигидан қарийб 3,5 марта тезроқ уча оладиган қурилмани бошқаришга қодир эмас эди.

Мавзуга оид