Спорт | 15:48 / 06.08.2016
18274
8 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Олий Лигаси: Иккинчи давранинг энг муҳим 10 трансфери

Олий Лига иккинчи давраси олдидан клубларимиз бир қатор эътиборли трансферларга қўл уришди. Айниқса, совринли ўринлар учун курашаётган жамоаларимиз бу борада анча фаол бўлишди.

1. Артур Геворкян

Собиқ клуби: «Насаф»
Янги клуби: «Локомотив»
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Сабаби: ўз хоҳишига кўра.
Давралар оралиғидаги «энг муҳим трансфер» дея «Насаф» етакчиси Артур Геворкяннинг пешқадам «Локомотив» сафига ўтишини топдик. Қарши клубида беш йил фаолият олиб борган туркманистонлик футболчи «Локомотив»нинг бу сафарги таклифини рад эта олмай, «Темирйўлчилар» билан шартнома имзолади. Геворкян «Аждарлар» сафини тарк этаркан, бунга ҳеч қандай жиддий сабаб йўқлигини ва шунчаки ўз хоҳишига кўра янги жамоага ўтиш вақти келганлигини айтиб ўтди. «Локо» асосий рақобатчиларидан бири бўлмиш «Насаф» етакчисини қўлга киритиб, Олий Лигадаги чемпионлик йўли ва ОЧЛ олдидан жиддий кучайишга эришди.

2. Игорь Сергеев

Собиқ клуби: «Пахтакор»
Янги клуби: «Пекин Гоан»
Амплуаси: ҳужумчи
Сабаби: Молиявий манфаат.
Давралар оралиғида легионерга айланган ягона футболчимиз бу Игорь Сергеев бўлди. Терма жамоамиз ҳамда «Пахтакор» форварди Хитойнинг «Пекин Гоан» клуби билан олти ойлик шартнома тузди. Маълумотларга кўра, «Пахтакор» футболчининг ушбу ижарасидан 200 минг евро миқдоридаги молиявий фойда кўради. Ўтган йилги Олий Лига тўпурарининг легионерга айлангани ўзи учун ҳам, клуби учун ҳам молиявий ва фаолияти учун фойдали бўлиши мумкиндир, фақат чемпионатимиз ўзининг асосий голеадорларидан бирини йўқотиши яхши бўлмади.

3. Жасур Ҳасанов

Собиқ клуби: «Локомотив»
Янги клуби: «Қизилқум»
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Сабаби: Ўйин амалиёти учун.
Биринчи даврада Тошкентнинг «Локомотив» клубида ўйин амалиётига кам эга бўлган Жасур Ҳасанов «Темирйўлчи»дан «Кончи»га айланди. Терма жамоамиз «вингери» «Қизилқум» таклифини қабул қилиб, Навоийга кўчиб ўтди. Тажрибали ярим ҳимоячи ярим йиллик ижара асосида тўп суриб, кейин жамоанинг тўлақонли аъзосига айланиши мумкин. «Локо» мураббийлари Ҳасановга асосий таркибдан жой топиб бера олишмаган бўлса-да, Жасур жорий мавсумда совринли ўринларни кўзлаётган «Қизилқум»га мақсадга етишиш учун ёрдам бера олади.

4. Эркин Бойдуллаев

Собиқ клуби: «Насаф»
Янги клуби: «Қизилқум»
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Сабаби: ўз хоҳишига кўра.
Геворкян сингари Бойдуллаев ҳам беш йилликдан кейин Қашқадарё клубини эркин агент сифатида тарк этди. Таянч ярим ҳимоячиси «Қизилқум» билан шартнома имзолади. Самарқандлик ярим ҳимоячи жиддий мақсадларни кўзлаётган Навоий клуби ўйинини кучайтириши аниқ. Майдон марказида собиқ жамоадоши бўлган «Қизилқум» етакчиси Илҳом Юнусов билан тандем бўладиган футболчи жамоа ўйинига тезда киришиб кетди. Қайд этиш лозим, Эркин Бойдуллаев бугунги кунда Олий Лиганинг энг яхши таянч ярим ҳимоячиларидан бири саналади. «Насаф» билан бир неча марта «бронза»ни қўлга киритган футболчи, энди «Қизилқум» билан бу натижага интилади.

5. Александр Лобанов

Собиқ клуби: «Персиполис» (Эрон)
Янги клуби: «Пахтакор»
Амплуаси: дарвозабон
Сабаби: «Персиполис» шартномани узайтирмади.
Йил бошида Эрон Про-Лигасида фаолият бошлаган терма жамоамиз посбони ярим йилликдан кейин яна «Пахтакор»га қайтиб келди. Дарвозабонимиз ярим йиллик ижара давомида «Персиполис»нинг асосий дарвозабонига айлана олмагач, форс клуби Лобанов билан шартномани узайтирмади. Натижада Александр Лобанов яна ортга қайтишга қарор қилди ва «Пахтакор» сафини тўлдирди.

6. Шоҳруҳ Гадоев

Собиқ клуби: «Ал Муҳаррақ» (Баҳрайн)
Янги клуби: «Бунёдкор»
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Сабаби: «Ал Муҳаррақ» билан шартнома узайтирилмади.
Иккинчи даврада Ўзбекистонга қайтиб келган легионеримиз сони бир нечтани ташкил этди. Жумладан, йил бошида Баҳрайн чемпионати иштирокчиси «Ал Муҳаррақ» клуби билан шартнома имзолаган Шоҳруҳ Гадоев, ёзда юртимизга қайтишга қарор қилди. Қашқадарёлик футболчи собиқ клуби «Насаф» билан эмас, эркин агент сифатида «Бунёдкор» билан шартнома имзолади. Чап қанотдаги ўйинлари билан ном қозонган Гадоев Сергей Лушан қўл остида янада ўсишга эришиши мумкин.

7. Шавкат Муллажонов

Собиқ клуби: «Ал Шааб» (БАА)
Янги клуби: «Бухоро»
Амплуаси: ҳимоячи
Сабаби: «Ал Шааб» билан шартнома узайтирилмади.
Ўзбек ва араб футболи орасида «сарсон» бўлган Шавкат Муллажонов ҳам ортга қайтган легионерларимиз сафини тўлдирди. БААнинг «Ал Шааб» клубидаги ярим йиллик фаолиятдан кейин андижонлик ҳимоячи Олий Лигага қайтишга қарор қилди. Марказий ҳимоячи «Бухоро» билан шартнома тузди. «Бухоро» ҳозирга келиб Олий Лигадаги энг кучли ҳимоя чизиғига эга бўлди, дейиш мумкин.

8. Фозил Мусаев

Собиқ клуби: «Сепахон»
Янги клуби: «Насаф»
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Сабаби: Шартнома узайтирилмади.
«Насаф» клубининг иккинчи даврадаги асосий харидларидан бири Фозил Мусаев бўлди. Сўнгги мавсумларни Эронда ўтказган футболчи Рўзиқул Бердиев таклифига кўра, яна Қарши клубига қайтди. Мусаев жамоани тарк этган Эркин Бойдуллаевнинг ўрнини тўлдириши лозим. Терма жамоамизга номзод футболчи иккинчи даврада «Насаф»нинг етакчиларидан бири бўлиши кутилмоқда.

9. Шокир Зуаги

Собиқ клуби: «Бунёдкор»
Янги клуби: «Ал Халиж» БАА
Амплуаси: ярим ҳимоячи
Сабаби: «Бунёдкор» ва футболчи ўзаро шартномани бузишди.
Олий Лигадаги номдор легионерлардан бири тунислик Шокир Зуаги Ўзбекистондаги фаолиятига нуқта қўйди. «Бунёдкор» билан ўзаро ҳамкорликни тўхтатган тажрибали ярим ҳимоячи Олий Лиганинг бошқа клублари таклифини рад этиб, БААнинг биринчи дивизиони клубига кўчиб ўтди.

10.  Воҳид Шодиев

Собиқ клуби: «Перак» (Малайзия)
Янги клуби: «Қизилқум»
Амплуаси: ҳужумчи
Сабаби: «Перак» шартномани бузиб, футболчига жавоб берди.
Осиё Кубогидан кейин легионерга айланган тажрибали ҳужумчи Воҳид Шодиев ҳам юртимизга қайтди. Малайзияда ярим йил тўп суриб қайтган Воҳид Шодиев туғилиб ўсган шаҳри жамоаси шарафини ҳимоя қилишга қарор қилди. Терма жамоамиз собиқ ҳужумчиси «Қизилқум» сафида жиддий рақобатга дуч келади. У ўтган мавсум тўпурари Баҳриддин Ваҳобов ва сербиялик ҳужумчи Неманья Йованович билан рақобат олиб боришига тўғри келади.

Усмон Ибодов

Манба: Tribuna.UZ