Light | 21:12 / 10.08.2016
42941
3 дақиқада ўқилади

Қоматни тик тутишнинг оддий 5 усули

Замонамизнинг энг хавотирли тенденцияларидан бири аксарият вақтимизни ўтириб ўтказишимиздадир. Бу зарарли одат бир қатор кўнгилсиз оқибатларга олиб келади. Норасо қомат, тушкун кайфият, сочнинг тўкилиши, қон камайиши - бу ҳали ҳаммаси эмас... Хуллас, ҳаракатсиз кун тартибини қайта кўриб чиқилмаса, бу яхшиликка олиб келмаслиги аниқ. Қуйида диққатингизга ҳавола этиладиган оддий 5 усул қоматингизни расо, ўзингизни эса тетик ҳис қилишингизга ёрдам беради. 

Елкаларни ҳаракатлантириш

Кўпчилик эътибор бермайдиган оддий жисмоний машқ. Уни стулдан турмасдан бажариш мумкин, натижаси эса сизни қувонтиради. Елкаларингизни олдинга ва орқага айланма ҳаракатлантириш кураклар ўртасидаги мускулларни мустаҳкамлашга ва бўйинга дам беришга ёрдам беради. Айнан шу икки соҳа қоматингизни тик тутишга ҳалақит берувчи ёқимсиз ҳислар учун кўпроқ жавобгар. 

Эрталабки бадантарбия

Эрталабки енгил бадантарбия елкалар, бўйин ва қоматни тик тутишда муҳим бўлган бошқа мускулларни мустаҳкамлай олади. Эрталабдан қиздирилган мускуллар олдиндаги кўп соатли ўтиришларни енгил ўтказишга ёрдам беради. Эрталабки гимнастика учун энг яхши машқ - анъанавий хитой цигуни, унда ҳаракатлар самарали нафас олиш билан уйғунлашган. Қомат мускулларини қиздириш учун тортишиш машқлари айни муддао. 

Бошни тўғри тутиш

Умуртқа поғонасидаги эгриликка кўпинча «text neck» синдроми (бошнинг олдинга энгашиши) сабаб бўлади. Бундай синдром компьютер қаршисида ишлаганда, смартфонлардан фойдаланганда ва узоқ вақт мутолаа қилиш натижасида орттирилади. Буларнинг барчаси умуртқа поғонасининг қийшайишига олиб келади. Даволаш чораси сифатида бўйин учун машқлар бажариш тавсия қилинади - бошни ҳар томонга навбатма-навбат қаратиш, айлантириш ва умуртқа поғонасининг бўйин соҳасидаги ҳаракатлар хилма-хил бўлиши мақсадга мувофиқ. 

Деворга ёпишиб тик туриш

Умуртқа поғонасини яхшилаш учун мураккаб машқларни бажариш шарт эмас - деворга орқа ўгириб тик туриб, максимал даражада бўшашиш ва шундай ҳолатда бир муддат қолишнинг ўзи етарли. Бу каби машқлар танадаги муқобилликни ҳис қилиш ва муаммоларни аниқлаш имконини беради. Кейинги қадам - деворга ёпишган ҳолатда ўтириб туриш машқларини бажариш. 

Шавасана

Классик "мурда позаси" - шавасана йога техникасининг асоси ҳисобланади. У инсонга енгиллик бахш этади ва бутун танани максимал даражада ўрганишга олиб келади. Шавасанани бажариш жуда осон - тепага қараган ҳолатда қаттиқ жойга (пол) ётинг, қўлларингизни тана бўйлаб чўзинг, ўзингизни бўш қўйинг ва нафасингизни ростланг. Камида 10 дақиқа шавасана ҳолатида қолинг - машқни қанчалик мунтазам бажаришни одат қилсангиз, у шунчалик фойда келтиради. 

 

Мавзуга оид