Жаҳон | 11:01 / 16.08.2016
6282
2 дақиқада ўқилади

Иордания: Қочоқлар борасида лимитимиз тўлди

Фото: РИА

Иордания подшоҳи Абдуллоҳ II баёнот беришича, унинг мамлакати суриялик қочоқларни қабул қилиш билан оғир юкни зиммасига олган, аммо афсуски, лимитлар тўлиб бўлган, деб хабар қилмоқда Petra агентлиги.

Иордания подшоҳлиги 600 мингдан зиёд суриялик қочқинни қабул қилган ҳамда уларни зарурий ашёлар билан таъминлашга бюджетнинг 25 фоизини сарфламоқда. 

Шу йилнинг феврал ойида Абдуллоҳ II айтганидек, мамлакатга юз минглаб сурияликларнинг кириб келишидан " иорданияликларнинг сабр косаси тўлган".

"Ҳамма жуда яхши биладики, Иордания — хоҳ суриялик биродарлар бўлсин ёки бошқа мамлакатлардан келган бўлсин — бошқа мамлакатлар бера олмаган нарсани тақдим этмоқда…Иордания жаҳон манфаатларини кўзлаган ҳолда, улкан масъулиятни зиммасига олганидан ҳамманинг хабари бор. Аммо, биз ўз лимитимизни тўлдирдик", — деб подшоҳ сўзларини келтиради агентлик. 

Унинг қўшимча қилишича, жаҳон ҳамжамиятидан олинаётган ёрдам қочоқлар учун қилинаётган сарф-харажатларнинг 35 фоизини зўрға қопламоқда. Абдуллоҳ II кўрсатилаётган ёрдамни қадрлашини айтар экан, қочоқлар оқими мамлакат учун янги ташвишларни олиб келаётганини таъкидлаган.