Спорт | 20:20 / 21.08.2016
15632
2 дақиқада ўқилади

Превью. Шаҳобиддин Зоиров олтин медаль учун жангда Миша Алоянга қарши

Рио—2016 Олимпиадасининг 52 килограммгача бўлган боксчилари ўртасидаги турнирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳобиддин Зоиров бугун финалд олтин медаль учун жанг ўтказади.

Унинг рақиби келиб чиқишига кўра арманистонлик бўлган, Россия номидан турнирда иштирок этаётган спортчи Миша Алоян.

Иштирокини саралаш босқичидан бошлаган Шаҳобиддин Зоиров Рио—2016 даги биринчи жангида ирландиялик Брендан Ирвинни таслим этганди. У 1/8 финалда америкалик Антонио Варгасни, 1/4 финалда эса озарбайжонлик Элвин Мамишзодани турнирдан чиқариб юборди. Финал остонасида венесуэлалик Йоэл Ривасга қарши рингга кўтарилди ва рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмаган ҳолда Ҳасанбой Дўстматов, Шаҳрам Ғиёсов ва Бектемир Мелиқўзиевлар қаторида бокс беллашувларининг финалига йўлланма олган тўртинчи ўзбекистонлик боксчига айланди.

Алоян Риодаги иштирокини 1/8 финалдан бошлаган бўлиб, аввалига Франция вакили Эли Конькини, 1/4 финалда колумбиялик Сейбер Авилани, 1/2  финалда эса хитойлик Ху Цзяньгуанни енгган.

Айни вақтда 27 ёшда бўлган Алоян 2012 йилда Лондон Олимпидасининг бронза медали совриндори бўлганди. Унинг медаллари қаторида Миландаги 2009 йилги ЖЧ бронза медали, Бокудаги 2011 йилги ЖЧ ва Олма-Отадаги 2013 йилги ЖЧнинг олтин медаллари бор. У шунингдек, 2008 йилда Москвада ўтган Жаҳон кубоги ҳамда 2010 йилда Москвада ўтган Европа чемпионатида ҳам тенгсиз бўлган.

Шаҳобиддин Зоиров ва Миша Алоян ўртасидаги жанг Тошкент вақти билан соат 22:15да бошланади.

Мавзуга оид