Спорт | 09:32 / 29.08.2016
3231
2 дақиқада ўқилади

Нью Йоркда Катта дубулға туркумига кирувчи теннис турнири бошланади

29-август куни Нью Йорк шаҳрида теннис бўйича АҚШ очиқ чемпионатига старт берилади. Мусобақа ушбу мавсумдаги Катта Дубулға туркумининг тўртинча ва сўнгги босқичи бўлиб, 136-марта ташкил этилмоқда. 

Теннис баҳслари анъанага кўра, Билли Жин Кинг номидаги қаттиқ қопламали кортларда бўлиб ўтади. Эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида сербиялик Новак Жокович етакчи теннисчи ҳисобланади. 2011- ва 2015-йилда ғолиблик нашидасини сурган Жокович бу йил Катта дубулға совриндори бўла олмайдиган бўлди. У, Лондоннинг "Уимблдон" турнирида америкалик Сэм Куэррига мағлуб бўлганди. 

Аёллар ўртасидаги баҳсда америкалик Серена Уильямс биринчи рақамли теннисчи ҳисобланаяпти. У, бу ерда олти марта ғолиб бўлган. Бироқ, Серена ўтган 2015-йил ярим финалида италиялик Роберте Винчига имкониятни бой берган эди. Мабодо, Уильямс бу йил ғалаба қозона олса, у немис теннисчиси Штеффи Графни Катта Дубулға совринлари бўйича ортда қолдиради. Ҳозирда уларнинг иккисида ҳам 22тадан соврин бор. 

Дисквалификация туфайли россиялик Мария Шарапова АҚШ очиқ чемпионатини ўтказиб юборади.

Мазкур турнирнинг умумий соврин жамғармаси 46,3 млн долларни ташкил этади. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид