Жаҳон | 21:30 / 06.09.2016
8981
2 дақиқада ўқилади

АҚШда 88 нафар собиқ генерал Трампни қўллаб-қувватлаб чиқди

АҚШда истеъфодаги генералларнинг катта гуруҳи мамлакат президентлиги учун сайловда республикачилар партиясидан номзод бўлмиш Дональд Трампни қўллаб-қувватлаб чиқишди.

Сешанба куни 88 нафар собиқ зобитлар шу ҳақдаги мактубга имзо чекишган.

"Ўтган 8 йил давомида Америка қуролли кучлари давомли равишда бюджет қисқартиришларига, турли сиёсий қарорларга ва ҳарбий амалиётларга дуч келди", деган собиқ ҳарбийлардан бири.

"Шу билан бир вақтда мамлакатимиз душманлари кучайишди, Вашингтондагилар эса ўзларини беқарор ва ожиз тутишди. Бу эса кўпчиликка зарар етказиши мумкин", дейилган мактубда. Ҳарбийлар АҚШнинг душманлари дея айнан қайси мамлакатларни назарда тутишгани айтилмаган.

Генераллар "миллий хавфсизлик зарурати туфайли сиёсий қарашларни ўзгартириш вақти келганини" айтишган. Уларнинг фикрича, мамлакатга "қуролли кучларнинг имкониятларини" ҳисобга оладиган сиёсатчи керак.

"Биз шу туфайли Дональд Трампни қўллаб-қувватлаймиз ва унинг қуролли кучларга бўлган ишончни қайтаришига, чегараларимиз хавфсизлигини таъминлашига душманлар устидан ғалаба қилишига ҳамда мамлакатда тартиб ўрнатишига ишонч билдирамиз", дейилган мактубда.

АҚШдаги президентлик сайловлари 8 ноябрь куни ўтказилади. Дональд Трампга Демократлар партияси вакили Ҳиллари Клинтон рақиблик қилади.

Мавзуга оид