Ўзбекистон | 09:34 / 07.09.2016
113352
6 дақиқада ўқилади

Иккинчи умрини бошлаган Президент

Инсон хотираси азиз ва муқаддаслигининг эътирофи иймондандир. Ўз умрини халқига бахшида этган инсонларнинг орамиздан кетиши элу юртнинг чуқур қайғусига, кулфатига  боис бўлиши аниқ. Бир неча кундирки, қайғу аламдан халқимиз ҳали ўзига келганича йўқ. Миллат отаси Ислом Каримовнинг вафоти муносабати билан ўтказилаётган хотира дарсларида ҳам ана шу фикрлар эътироф этилмоқда. Улуғ инсоннинг ўзлари кетса ҳам сўзлари халқни бошқараверади. Бу ҳикмат бежиз эмас. Эл тақдирида буюк ва суюк бўлган инсонлар иккинчи умрни яшай бошлашади. Улар жисман орамизда бўлмасаларда, руҳан барҳаёт. Сизга куч ва руҳ бахш этиб туришади. Шарофатли инсонларнинг ҳаётлигигина эмас, ҳатто ўлими ҳам бирлаштиради. Бир – бирови билан унча муносабати яхши бўлмаган инсонлар ҳам ўлим даҳшат ва ваҳшатини, улуғлар ёдини эслаб ўзаро ёвқараш қилишмай қўйишди. Бир қўшним бор эди. Дийдаси қаттиқ, доим қовоқларини солиб юрарди. Президентимиз дафн этиладиган куни саҳармардондан барча қатори видолашувга чиқди. Кўзлари жиққа ёшга тўлганди. Қайтаётганимизда унга юзландим. “Сўраганнинг айби йўқ яқинда ўз отангиз дунёдан ўтганди. Жаноза намозида ҳам қабр тепасида ҳам сизга назар ташлагандим, кўзингизда бир томчи ёш ҳам кўрмагандим. Бугун кўзингиз ёшдан қизариб кетган” - дедим. У елка қисдида “Билмадим” – деб қўйди. 

Қуёш ботиш учун чиқади, одамзот ўлиш учун туғилади. Маълум ҳақиқат бу. Лекин ҳаммамиз учун машъум ва маълум кўргилик - ўлим элу юртнинг меҳрини қозонган, элпарвар инсон билан боғланса, унинг даҳшати еру кўкни ларзага солгандек бўлади. Бир неча кундирки, Ўзбекистон фуқаролари энг яқини, ўз жигаридан айрилгандек талмовсираб, гарангсиб қолди. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ўзбекистоннинг биринчи пойтахти Самарқандга дафн этилди. Ўз юртини озод ва обод қилган юртбошимизнинг охиратлари обод бўлсин! Ўзбекистон Республикаси Маънавият тарғибот маркази ташаббуси билан камина томонидан ўқилган Давлат мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган аудиодиск қўлимда турибди. Унда Президентнинг салкам 25 йил мобайнида турли учрашув ва ҳар хил соҳа вакиллари билан мулоқотларида билдирган ҳикматли сўз ва иборалари, шунингдек, замондош шоирларимизнинг ватанпарварлик руҳидаги шеърлари ўрин олган. Аудиодиск президентимизнинг ўз ибораларига монанд "Ватан ва халқ мангу қолади" деб номланган. Шунингдек, аудио жамланмада Абдулла Орипов, Омон Матжон, Эркин Воҳидов, Жуманиёз Жабборов, Иқбол Мирзо, Сирожиддин Саййид, Маҳмуд Тойир, Нормурод Нарзуллаев, Анвар Обиджон, Икром Отамурод, Салим Ашур, Азим Суюн, Азиз Саид, Минҳожиддин Мирзо, Мирзо Кенжабек, Муҳаммад Юсуф, Муҳаммад Исмоил, Насриддин Ботиров, Қўчқор Норқобил, Қутлибека Раҳимбоева, Шерали Ваҳоб, Рустам Мусурмон, Султонмурод олим, Султон Мирзо, Жумабой Матёқубов, Турсун Али, Зулфия Мўминова каби ижодкорларнинг ватанпарварлик руҳидаги шеърлари ўрин олган.

Халқимиз миллат отасини шу даражада яхши кўрганлигини уч кун мобайнидаги хомушлик, ғамгинлик ҳолатидан ҳам ҳис этиш қийин эмас. Руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин. Ғариқи раҳмат, шойистаи жаннат ато этилган бўлсин. Негадир қулоғим остида давлатимиз раҳбарининг "Мустақилликни қўлдан бой берманг, бирдам ва бардам бўлинг, тинч ва аҳил бўлинглар" - деган нидолари жаранглагандек бўлаверади. Бу осойишталик гаровидир. Мана, президентимиз илтижоси, қалб садоси, сўнгги нидолари. Алвидо, миллат отаси. 

Қадрдон дўстим, олим ва шоир Султон Мирзо Президентимиз Ислом Каримовнинг  вафоти муносабати билан бир марсия ёзганлар шуни эътиборингизга ҳавола қилмоқдаман.

Элни обод айлаб лекин, бизни ташлаб кетдингиз,
Бу кунларга қанча захмат бирла зўрға етдингиз, 
Буюк ишлар қилиб Юртда афсус, ташлаб кетдингиз,
Улуғ халқнинг бемаҳал кўзин ёшлаб кетдингиз,
Юртимизни саодатга – нурга бошлаб кетдингиз!

Юсуф Ҳамадоний қабри Хоразмда аржуманд,
Ғиждувоний бирла яна Баҳовуддин Нақшбанд,
Мотирудий, Ал-Бухорий бирла обод Самарқанд,
Темур номи элларнинг қалбларини этди банд,
Пирлар қабрин обод айлаб, нурфошлаб кетдингиз!

Юртим бўйлаб бузруклар қабри обод айланиб,
Масжид қуриб янгидан руҳлари шод айланиб, 
Таҳқирланган номлари сарви озод айланиб, 
Шўролар мафкураси кулл барбод айланиб,
Тенглар ичра тенг  қилиб йўлга бошлаб кетдингиз!

Ноз-неъматга тўлди бугун хонадону бозорлари,
Унут бўлди ун тополмай чеккан на бир – озорларим,
Пирлар демиш: “Раҳмат Сизга бугун обод мозорларим!”
Шаҳарларни жаннат этмиш яшнаб турган гулзорларим,
Ислом ота, шу жаннатни нега ташлаб кетдингиз?

Сизни эслаб янграмоқда ҳазин-мунгли наволар,
Кўк юзини булут қоплаб қаро бўлди ҳаволар,
Йиғлаюрлар кўз ёш тўкиб кекса чоллар, момолар,
Нидоларга тўлди яна юртим узра самолар,
Ислом ота, нечун бизни бунда ташлаб кетдингиз?

Ишингизни Сиз севган ёшлар давом айлагай,
Юртимизга бош бўлур ёшлар давом айлагай,
Чемпион шу ўғлонлар йўлда давом айлагай,
Ўзбегимнинг ҳур номи минг йил давом айлагай,
Руҳларингиз шод бўлсин, Сиз мақсадга етдингиз!

Мотам тутиб ушбу кун неча эллар йиғлағай,
Тиловатлар қилиб неча ғамли диллар йиғлағай,
Қабринг узра эгилган қаро гуллар йиғлағай,
Мирзо каби неча бир аҳли диллар йиғлағай,
Ислом ота, не учун Сиз элни ташлаб кетдингиз?

Мавзуга оид