Спорт | 11:21 / 08.09.2016
9544
3 дақиқада ўқилади

Березуцкий: Россия - спорт мамлакати эмас, бизда спортни севишмайди

ЦСКА жамоаси ва Россия термаси ҳимоячиси Василий Березуцкий ўз мамлакатини спорт мамлакати деб ҳисобламаслигини маълум қилди. Бундан олдинроқ ЦСКА бош мураббийи Леонид Слуцкий Россияни "футбол мамлакати" эмаслигини айтганди.

"Слуцкий Россия - футбол мамлакати эмаслигини айтдими? Билсангиз, Россия – умуман спорт мамлакати эмас. Бу гапни исталган спорт турига нисбатан айтиш мумкин. Балки, КХЛни (хоккей - таҳр.) истисно этиш мумкиндир. Мен одамларнинг ўйинларга ташриф буюриш даражаси ҳақида айтаяпман. Бизникилар Олимпиадада ҳандбол бўйича ғолиб чиқишди. Лекин бу спортнинг оммабоплиги қай даражада? Трибунада 5 киши ўтирган бўлади. Тағин биз спортни севишимизни такрорлаймизми? Йўқ, аслида бизда спортни севишмайди! Волейбол, синхрон сузиш каби мен билган спорт турларини томоша қилиш учун чипталарни пулли қилиш шарт эмас. Одамлар бари бир бормайди! Демак, Россияда барча спорт турларини оммалаштириш керак, фақатгина футболда эмас муаммолар", - дея Березуцкийнинг сўзларини келтирган "Спорт-экспресс". 

"Миллионлаб мухлислар Россия терма жамоасига қарши петицияга имзо чекишди. Лекин мен одамлар стадионларга клубларини қўллаб-қувватлаш учун келганини кўрмадим! Уларда шунча нафрат қаердан пайдо бўлганини тушуниш қийин… Менга бу ҳолатни кўриш жуда ёқимсиз", — дея қўшимча қилган футболчи.

6 сентябрь куни Россия терма жамоаси Москвада Ганага қарши ўртоқлик учрашуви ўтказди ва 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу Березуцкий учун терма жамоа сафидаги 100-ўйин бўлди.

5 сентябрь куни терма жамоа бош мураббийи Россияни футбол мамлакати деб ҳисобламаслигини, бу ерда одамлар футбол ўйинларини томоша қилиш учун келиши даражаси жуда паст эканини айтганди.

Россия терма жамоасининг Франция майдонларида кечган Европа чемпионати вақтида омадсиз иштирок этиши россиялик мухлисларнинг кескин норозиликларига сабаб бўлди. Терма жамоага қарши петиция муаллифлари терма жамоани тарқатиб юбориб, бошқа терма жамоа тузишни талаб этишган.

Манба: Tribuna.uz

Мавзуга оид