Жаҳон | 16:01 / 08.09.2016
22574
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Обама маъмурияти Сурия масаласида Россияга «сўнгги таклиф»ини билдирди

АҚШ президенти Барак Обама маъмурияти Суриядаги инқирозга барҳам бериш бўйича сўнгги таклифини илгари сурган, деб ёзмоқда The Washington Post нашри ўз манбаларига асосланган ҳолда. 

Мақолада қайд этилишича, Обама маъмурияти Сурияда ўт очишни тўхтатишга уриниш борасида сабри тугаб бораётгани хусусида Россияни охирги маротаба огоҳлантирган. Манбанинг сўзларига кўра, Обама РФ президенти Владимир Путин билан 5 сентябрь куни G20 саммити доирасидаги учрашувида «шундай таклиф»ни илгари сурган. 

АҚШ ўт очишни тўхтатиш ва Сурия авиациясининг парвозларига барҳам бериш ҳамда гуманитар ёрдамларни хавфсиз етказиб беришга эришиш ниятида. Бундан ташқари, режа Америка-Россия қўшма аксилтеррор ҳарбий амалиётларни ўтказишни ҳам кўзда тутади. 

Ҳозирча, расман бу маълумотни Обама маъмурияти тасдиқлагани йўқ. Аввалроқ хабар қилинганидек, Обама ва Путин G20 саммитидаги учрашувдан сўнг, ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларига Сурия келишуви бўйича ишлашни давом эттириш вазифасини топширишган. 

Россия ва АҚШ ташқи ишлар вазирларининг 7 сентябрь кунги телефон орқали мулоқотида Сурия масаласини 8–9 сентябрь кунлари Женевада бўлажак учрашувида муҳокама қилишга келишиб олган. Аммо, ҳозирча АҚШ Давлат департаменти Лавров ва Керрининг учрашувини тасдиқлагани йўқ. 

The Washington Post нашрининг ёзишича, Россия томони ўз қарашини ўзгартирмас экан, яна бир музокаралар жараёнини ўтказиш фойда бермаслиги аниқ».
 

Мавзуга оид