Жаҳон | 12:28 / 11.09.2016
61232
4 дақиқада ўқилади

11 сентябрь фожиаси: 15 йил ўтиб (Фотогалерея)

АҚШ яна 11 сентябрь воқеаларини эсламоқда. Бугун 3 мингга яқин кишининг ўлимига сабаб бўлган фожиали терактни бутун дунё ёдга олмоқда. АҚШ ва дунё тарихида мисли кўрилмаган террор юз берганига 15 йил тўлди.

2001 йилнинг 11 сентябрида Нью-Йоркда Boeing 767 русумли 2та йўловчи самолёти Жаҳон савдо марказининг 110 қаватли эгизак биноларига келиб урилди, учинчи самолёт — Boeing 757 Вашингтондаги АҚШ мудофаа вазирлиги биносига қулаб тушди, тўртинчи самолёт эса (у ҳам Boeing 757) Питсбург шаҳридан 80 миль нарига қулади. Самолётлар American Airlines ва United Airlines авиакомпанияларига тегишли бўлган ва худкуш террорчилар томонидан ўғирланган.

Терактлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 3 минг нафарга яқинни (2 минг 977 киши) ташкил қилди. Уларнинг 246 нафари самолёт йўловчилари эди. Жаҳон савдо марказида 2 минг 606 киши, Пентагонга ҳужум оқибатида  125 киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганларнинг 72 нафари полиция ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари, 343 нафари ўт ўчирувчи, 55 нафари ҳарбий хизматчи эди. Қурбонлар орасида  90та мамлакат фуқаролари бор эди.

Бу терактлар Миср, Саудия Арабистони, БАА ва Ливан фуқаролари бўлган 19 террорчи томонидан содир этилган. Улар «Ал-Қоида» террорчилик ташкилотига алоқадор бўлиб, АҚШда қонуний равишда яшаган, уларнинг баъзилари эса Америка учувчилик мактабларида ўқиган.

Нью-Йоркка етказилган зарар 36 миллиард долларга яқин бўлди, Жаҳон савдо ташкилоти миноралари жойлашган ҳудудни тозалаш ишлари 8 ойдан ортиқ вақт давом этди.

Пентагоннинг вайрон бўлган ғарбий қаноти 2002 йил сентябрига келиб қайта тикланди.

2004 йилнинг июлида, фожиадан 442 кун ўтгач, мустақил тадқиқот комиссияси 600 саҳифалик ҳисоботни тақдим қилди. Унда ҳукумат иммиграцион сиёсатда жуда кўп хатоларга йўл қўйгани жиддий терактларга сабаб бўлгани қайд этилди.

Ҳар йили 11 сентябрь АҚШда ватанпарварлар ва Ибодат куни сифатида нишонланади. Мамлакатнинг барча ҳудудларида хотира маросимлари ўтказилади. Бутун мамлакат бўйлаб маҳаллий ҳукумат, университет, мактаб, жамоатчилик уюшмалари томонидан ташкил қилинган хотирлаш маросимлари, мотам тадбирлари ва хотира концертлари бўлиб ўтади. Федерал биноларнинг барчасида шу куни давлат байроқлари туширилади.

2001 йилнинг октябрда АҚШ ва Буюк Британиянинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлари бошланди, бундан мақсад - «Ал-Қоида» базаларини йўқ қилиш ва ташкилот бошлиғи Усама бин Лодинни қидириб топишдан иборат эди. «Биринчи рақамли халқаро террорчи» 2011 йилнинг 2 майига келиб, Покистоннинг Абботобод шаҳрида америкалик ҳарбийлар томонидан йўқ қилинди.

2002 йил 10 апрелда 1999 йили БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган, 11 сентябрь воқеаларидан кейин жорий қилиниши заруратга айланган "Террорчиликни молиялаштиришга қарши кураш ҳақидаги" халқаро конвенция кучга кирди.

11 сентябрь воқеалари жаҳонда терроризмга қарши кураш зарурлигини кун тартибига чиқарди. Бунинг натижаси ўлароқ терроризмга қарши кураш коалицияси ташкил этилди. 11 сентябрь нафақат америкаликларнинг, балки бутун дунёнинг вазиятини тубдан ўзгартириб юборди. Ўша йилнинг декабридан бошлаб Европа Иттифоқи ҳар йили террор ташкилотларининг рўйхатини эълон қила бошлади. 11 сентябрь воқеаларидан сўнг жаҳон аҳли ҳатто, АҚШдек қудратли мамлакат ҳам ўз хавфсизлигини якка ўзи таъминлай олмаслигини, терроризмга қарши биргаликда курашиш зарурлигини англаб етди.

Мавзуга оид