Жаҳон | 09:28 / 14.09.2016
7417
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеяси 71-сессияси очилди

Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 71-сессияси ўз ишини бошлади.

Бош Ассамблея раиси, Фижининг ташкилотдаги доимий вакили Питер Томсон 3 марта болға уриб, сессия очилганини маълум қилди ва 193 мамлакат вакиллари бўлган дипломатларни 1 дақиқа сукут сақлашга таклиф этди.

Томпсон 71-сессия БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган 17та мақсадини ҳаётга татбиқ қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.

71-сессия давомида Бош Ассамблея БМТнинг янги бош котибини сайлайди. 2007 йил, 1 январдан бери бу лавозимни эгаллаб турган Пан Ги Муннинг ваколати 2016 йил, 31 декабрда якунланади ва у учинчи беш йиллик муддатга сайланиш ҳуқуқига эга эмас.

Номзодлар қаторида ЮНЕСКО ижрочи директори Ирина Бокова, БМТ Ривожланиш Дастури раҳбари Хелен Кларк, Чили етакчиси Мишель Бачелет, Литва президенти Даля Грибаускайте ҳамда Даниянинг собиқ бош вазири Хелле Торнинг-Шмидт номлари бор.

71-сессия кун тартибидан 170та мавзу, жумладан, Африка давлатлари ривожланиши масалалари, гуманитар ёрдамлар етказишда ҳамкорлик қилиш, тинчлик ва хавфсизликни сақлаш, қуролли можароларнинг олдини олиш, терроризм ва ирқий камситишга қарши кураш, атроф-муҳитни асраш, ядро қуролини тарқатмаслик тартибига риоя этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлигини таъминлаш масалалари ўрин олган.

Қуролли можароларо олдини олиш ҳамда халқаро миқёсда тинчлик ва хавфсизликни сақлаш блоки ўз ичига Яқин Шарқдаги вазият, Фаластин муаммоси, Афғонистондаги вазият, Кипр масаласи, Конго демократик республикасидаги вазият ва бошқаларни олади.

Шунингдек, гиёҳвандлик муаммосини назорат қилиш, халқаро терроризмга қарши кураш, тинчликка қарши амалиётларни молиялаштириш муаммолари муҳокама этилади.

1 ҳафтадан кейин умумсиёсий муҳокамалар қисми очилади. Унда анъанавий равишда давлатлар раҳбарлари, ҳукуматлар раҳбарлари ва ташқи ишлар вазирлари иштирок этишади. Бу муҳокамалар 20-26 сентябрь кунларида ўтказилади.

Мавзуга оид