Фан-техника | 19:15 / 14.09.2016
8649
2 дақиқада ўқилади

Uber компанияси АҚШда ҳайдовчисиз таксиларни йўлга қўйди

Фото: /Getty Images

14 сентябрь куни АҚШда автопилот томонидан бошқариладиган таксилар илк марта Питтсбург шаҳри (Пенсильвания штати) кўчаларига чиқди. Бу ҳақида Reuters агентлиги маълум қилди.

Лойиҳа интернетдан такси буюртма қилиш хизматларини таклиф қилувчи Uber компанияси томонидан йўлга қўйилди. Ҳайдовчисиз таксиларнинг илк йўловчилари журналистлар бўлиб, улар учун махсус намойиш саёҳатлари ташкил этилди. 

Биринчи босқичда Питтсбург аҳолисига ўз-ўзини бошқарувчи таксомоторларнинг тўрттасигина хизмат кўрсатади. Бунда салонда икки киши - ҳайдовчи ва муҳандис бўлади, улар электроника йўлда юзага келган мураккаб вазиятдан чиқишни уддалай олмаган тақдирда, бошқарувни ўз қўлларига олишади. 

Uber йўловчиларни ташиш учун Ford Fusion моделидаги автоном бошқарувли автомобилларни танлади. Уларга махсус радарлар, лазер датчиклар ва юқори аниқликдаги оптикага эга камералар ўрнатилди.

Шунингдек компания тез орада бошқа автоном машиналар билан бойишини ҳам маълум қилди. Компания Volvo швед автомобиль ишлаб чиқарувчиси билан ўз-ўзини бошқарувчи машиналарни харид қилиш учун 300 миллион долларлик шартнома имзолади. 

 

Мавзуга оид