Фан-техника | 17:38 / 14.09.2016
7704
2 дақиқада ўқилади

"Википедия" асосчиси ўрта мактаблар тақдири хусусида фикр билдирди

Замонавий, анъанавий таълим тизими инсонларнинг сифатли билим олишларига имкон берувчи талабларга жавоб бериши керак. "Википедия" асосчиси Жимми Уэйлс EdCrunch 2016 анжуманида шундай фикрни билдирган.

— Мактаблар ўқувчиларнинг life-long learning (умрбўйи ёки узлуксиз таълим олиш) деб аталувчи таълим олиш жараёнига эга бўлишлари учун барча имкониятларни яратишга ҳаракат қилиши лозим. Масалан, 18 ёшли, ўртача саводли фуқаро ҳаётида мустақил ўрганишни хоҳлайди. Шу боисдан ҳам, уни ёшлигидан ўқишга, тадқиқотлар олиб боришга, ахборот сифатини баҳолашга ўргатиш мақсадга мувофиқ. Айниқса, турли хил, бир-бирига зид ахборотлар дунёсида тўғри маълумотни ажрата олиш жуда муҳимдир, — деган Уэйлс.

Унинг сўзларига кўра, мактабларни ноодатий таълим билан алмаштириб бўлмайди.  "Кимдир мактаблар ўрнини кўплаб онлайн курслар эгаллайди, деган фикрда. Бироқ, мен бу фойда беради, деб ўйламайман. Кишини йўналтириш, унинг хатосини топиб, уларни тузатишга кўмаклашиш аввалбошдан муҳимдир. Буларни онлайн дарслар таклиф эта олмайди", — деб эътироф этган. 

Бироқ, унинг фикрича, замонавий технологиялар воситасида тезроқ таълим олишга имкон беради. "Агар, масалан, сиз тил ўрганаётган бўлсангиз, рақамли технологиялардан фойдаланмаслик ақлсизлик бўлур эди. Бу таълим жараёнининг узвий қисмидир. Албатта, буни ҳам онлайн тарзда амалга ошириш мумкин, бироқ одамлар билан бевосита мулоқотда бўлиш яхшироқ", — деган "Википедия" асосчиси.

Мавзуга оид