Жаҳон | 20:56 / 20.09.2016
5043
2 дақиқада ўқилади

Евроиттифоқ Босния ва Ҳерцеговинанинг буюртмасини қабул қилди

Европа Иттифоқи (ЕИ) Босния ва Ҳерцеговинанинг ташкилотга аъзо бўлиш учун топширган буюртмасини қабул қилди. Бу ҳақида Европа кенгашининг сайтида хабар қилинди. 


Кенгаш Босния ва Ҳерцеговинани Европа Иттифоқи, халқаро молиявий ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари билан узвий ҳамкорлик қилиш борасидаги тадбирлар режаси графикига мувофиқ ислоҳотларни таъминлаш бўйича ҳаракатларини давом эттиришга чақирди. 


“Бугун биз Босния ва Ҳерцеговинанинг Европадаги келажаги ва йўналишини белгиловчи тарихий онларни бошдан кечиряпмиз. Бу ушбу мамлакатлар, айниқса, ёшлар учун энг ёқимли лаҳзалардан бири”, - деди Босния бош вазири Денис Звиздич. 


ЕИ таркибига қўшилиш мақсадида топширилган буюртманинг қабул қилиниши мамлакатнинг иттифоққа қўшилиш жараёни учун зарур бўлган илк қадамларидан биридир. Энди Брюссель Босния ва Ҳерцеговинанинг Евроиттифоққа яқинлашиш жараёни учун бажариши керак бўлган шартларни эълон қилади. 


Босния ва Ҳерцеговина 2016 йилнинг 15 февралида Европа Иттифоқига қўшилиш учун буюртма беришган.

 

Мавзуга оид