Ўзбекистон | 20:17 / 20.09.2016
98534
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ангренга ташрифини амалга оширди

Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёев 20 сентябрь куни Ангрен шаҳрига ташрифни амалга оширди. Бу ҳақда UzReport хабар берган.

У ташриф давомида «„Ангрен“ ЭИЗ ҳудудида конвейер тасмалари, қишлоқ хўжалиги шиналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш» лойиҳаси реализацияси билан танишган. Бу ерда йилига 100 минг метр конвейер тасмалари, 200 минг қишлоқ хўжалиги шиналари, 3 миллион автомобиль шиналари ишлаб чиқариш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. 2015–2018 йилларга мўлжалланган лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши орқали 1200 иш ўрни яратиш имконияти юзага келади. Лойиҳа доирасида заводнинг 105 нафар мутахассиси Хитойдаги шундай йўналишдаги заводларда стажировка ўтаб қайтиши борасида келишувга эришилган.

Шу куни Шавкат Мирзиёев Ангрен ИЭСнинг янги энергоблокини кўздан кечирди. Энергоблокдаги қурилиш-монтаж ишлари август ойида якунланган ва ишга туширилган эди. Кўмирни ёқишда замонавий технологияларни жорий этиш орқали иш ҳажми йилига 45 фоиздан ортади.

Сентябрь ойидан лойиҳавий қувват билан ишлай бошлаган энергоблок йилига 840 миллион кВт/соат электр энергияси ва 423 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилишини таъминлайди. Янги энергоблокнинг фойдаланишга топширилиши орқали электр энергияси таъминоти учун ёқилғи сарфланишидаги тежамкорлик йилига 61 г кВт/с, газ чиқиндилари камайиши эса йилига 10,3 минг тоннани ташкил қилади.

Шавкат Мирзиёев «Ангрен» кўмир конидаги юзани очиш, кўмир қазиб олиш ва етказиш ишлари ҳамда «Ўзбеккўмир» АЖни қайта жиҳозлаш жараёни билан ҳам танишиб чиққан. 2016 йилнинг 15 сентябри ҳолатига кўра, юзани очиш ишлари ҳажми 15,4 миллион метр кубни, кўмир қазиб олиш ҳажми 2,6 миллион тоннани ташкил этмоқда. Жорий йил охирига қадар 23 миллион метр куб юза очилиши, кўмир қазиб олиш ҳажмини эса 3,7 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.

Сафар чоғида Шавкат Мирзиёев 24-сонли мактабгача таълим муассасаси ҳамда Ангрендаги деҳқон бозорида бўлиб, шароитлар билан танишган.

Ангрен шаҳри фаоллари йиғилишида шаҳар инфраструктурасига оид масалалар таҳлил қилинган. Шаҳар ҳокимига ва тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарларига мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилган. Шунингдек, бир қатор ташкилий масалалар кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти в. б. Шавкат Мирзиёев 16 сентябрь куни Жиззах вилоятида бўлиб, ташкилий масалаларни кўриб чиққан эди.

18 сентябрь куни эса у Тошкентнинг бир қатор туманларига ташриф буюриб, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, аҳоли мавзелари, кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш ишларининг ҳолати билан бевосита танишганди.

Мавзуга оид