Жаҳон | 10:54 / 29.09.2016
7193
3 дақиқада ўқилади

Песков: МН17 ҳисоботида ҳеч қандай асосли далиллар йўқ

РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Донецк вилоятида содир бўлган Boeing МН17 авиаҳалокати сабабларини ўрганаётган Қўшма тергов гуруҳининг (ҚТГ) дастлабки хулосаларига изоҳ берар экан, Россия бу ҳисоботда "ҳеч қандай далил-исботларни кўрмагани"ни маълум қилди. 

Песков ВВС нашрига берган интервьюсида РФ бу фалокат юзасидан тергов ўтказишни бошиданоқ қўллаб-қувватлаганини таъкидлади ва бу гуруҳга Россияни қўшишмаганидан афсусда эканини билдирди. "Россия тергов натижаларини тан оладими?" деган саволга Песков ҳозирча бор-йўғи дастлабки натижалар маълум қилинганлигини айтди. 

"Қабул ёки инкор қиладиган ҳеч нарса йўқ. Энг аввало, бу - дастлабки хулосалар, биз терговда давом этишимиз керак. Афсуски, ҳозирча ҳеч қандай асосли далилларни кўрмадик", - деди у. 

Унинг сўзларига кўра, жуда жиддий фожиа рўй берган ва буни қуруқ сўзлар билан исботлаб бўлмайди. "Ҳисоботда аввалгидек қарама-қаршиликлар кўп. Қандайдир аниқ бир хулосага келишга ҳали эрта. Боз устига бу масалада яна кўп маълумотлар келиб тушмоқда", - деди Кремль вакили. 

Чоршанба куни Нидерландия, Украина, Австралия, Малайзия ва Бельгия вакилларидан иборат Қўшма тергов гуруҳи Малайзия авиалиниясига қарашли Boeing самолётининг Донбасс узра авиаҳалокатга учраганига доир дастлабки тергов натижаларини тақдим этди. ҚТГнинг таъкидлашича, самолёт Россия Федерацияси ҳудудидан олиб кирилган "Бук" ракета тизимидан уриб туширилган. Бироқ шуни таъкидлаш жоизки, ҚТГ бу версияни инкор этувчи Россия тақдим қилган маълумотларни ўрганиб чиқишга улгурмаган.

Ўз навбатида, Россия мудофаа вазирлиги ҚТГ хулосаларининг объективлиги шубҳа уйғотишини таъкидлади. "Бугун тергов гуруҳи брифингида тақдим этилган барча маълумотлар асосан икки манбага асосланган: интернет ва Украина махсус хизматлари. Шу боис бу маълумотларнинг объективлиги ҳамда улар асосида қилинган хулосалар шубҳа уйғотиши табиий", - дея таъкидлади Россия ҳарбий идорасининг расмий вакили, генерал-майор Игорь Конашенков. 

Шунингдек у Россиянинг зенит ракета мажмуалари Украина чегарасини кесиб ўтмаганлигини таъкидлади. 

2014 йилнинг 17 июлида Малайзия авиалинияларига қарашли Boeing 777 йўловчи самолёти Амстердамдан Куала-Лумпурга MH17 рейсини амалга ошираётиб, Донецк вилоятининг шарқида авиаҳалокатга учраган. Бунинг натижасида 283 нафар йўловчи ҳамда экипажнинг 15 аъзоси ҳалок бўлган. 

Мавзуга оид