Жаҳон | 11:43 / 24.10.2016
8471
2 дақиқада ўқилади

Туркия Мўсулга юришда иштирок этаётганини маълум қилди

GETTY IMAGES

Туркия ҳукумати маълум қилдики, туркиялик ҳарбийлар ИШИДнинг Ироқдаги асосий шаҳри бўлмиш Мўсулни озод қилиш учун бошланган ҳарбий кампанияда иштирок этмоқда

Анқарадагиларнинг тасдиқлашича, туркияликларнинг артиллерияси Ироқдаги курд жангчиларини Мўсулга 12 км масофадаги Башик шаҳрини эгаллаш учун жангларда қўллаб-қувватламоқда. Бу шаҳар атрофида туркиялик ҳарбийларнинг бир қанча лагерлари жойлаштирилган.

Ўз навбатида на курдлар, на Ироқ ҳукумати Туркия артиллерия бўлинмалари Башик учун жангларда иштирок этаётганини тасдиқлади. Шу билан биргаликда курдлар шаҳарни деярли эгаллаганларини, лекин шаҳар жангарилардан тўла тозаланганига кафолат йўқлигини тасдиқлаган.

Туркия ўтмишда ўз таркибида бўлган Мўсул шаҳрини озод этишда иштирок этишига рухсат берилишини талаб қилмоқда. Анқарадагилар ҳанузгача бу ҳудудни ўз таъсирида ҳисоблаши айтилмоқда.

Ироқ ҳукумати Туркиянинг бу юришда иштирок этишига қарши турмоқда. Бағдод бир неча марта туркияликларнинг Башикдаги машғулот базалари учун норозилик билдирган.

Мўсул шаҳрига ҳужум 17 октябрь тонгида бошланди. Ироқлик ҳарбийлардан ташқари ушбу амалиётда курдларнинг қуролланган гуруҳлари иштирок этмоқда. Шунингдек, амалиётларни ҳаводан туриб АҚШ бошчилигидаги коалиция самолётлари қўллаб-қувватламоқда.

Мўсулнинг олиниши ИШИДнинг Ироқдаги фаолиятига барҳам беришини англатади. Айнан шу шаҳар 2014 йилда ИШИД томонидан эгалланиши ортидан бу ташкилот бутун дунёда ўзига эътиборни қаратганди.

Мавзуга оид