Жаҳон | 21:26 / 28.10.2016
28861
6 дақиқада ўқилади

Америка кимнинг номига қўйилган: эски тарихга янгича қараш

Мактабнинг жуғрофия фанидан яхши маълумки, Америка қитъасини 1492 йилда Христофор Колумб кашф қилган. Бироқ нима учун қитъа Колумб деб эмас, балки Америка деб аталади. Америка номи қандай пайдо бўлган? Америго Веспуччига алоқаси борми? Мақолани охиригача ўқиб чиқсангиз ўзингиз учун янгилик оласиз, деган умиддамиз.

Шуни таъкидлаш керак-ки, янги қитъа, (улар бир эмас, балки иккита) буюк сайёҳатчи, астроном ва картограф Америго Веспуччи номига қўйилган, деган қарашлар мавжуд. Аввалига Испания, кейин Португалия қироллик хизматида бўлган олим бугунги кунда Жанубий Америка деб номланмиш қитъа соҳилларига уч марта - 1499, 1501 ва 1503 йилларда сафар қилади. Бу сафарлар чоғида янги ҳудудларнинг бир нечта харитаси яратилди. Бироқ бу хариталарнинг асл нусхалари сақлаб қолинмаган. Олинган нусхаларда қитъа Америка деб эмас, балки “Янги дунё” (Terra Nova) дея номланган. Кўриниб турибдики, Америго Веспуччи ўз тадқиқотларида қитъани Америка деб атамаган. Денгиз сайёҳатчисининг кундалик ва хотираларида ҳам Америка атамаси учрамайди.

Жаҳон харитасида “Америка” атамаси 1507 йилда, германиялик картограф ва китоб савдоси билан шуғулланувчи Мартин Вальдзеемюллер (Вальтцемюллер) томонидан нашр қилинган “Янги дунёга учинчи сайёҳат” деб номланмиш иллюстрацияда пайдо бўлган. Бу иллюстрацияда Шимолий ва Жанубий Америка акс этган. Шуниси эътиборга молик-ки, жанубий қитъа Америго Веспуччи таърифлаганидек, “Янги дунё” (Terra Nova) дея номланган. Шимолий ҳудудлар эса қавс ичида Ameriqosland, яъни “Америка ери” дея аталган. Мартин Вальдзеемюллер изоҳида қитъа Америго Веспуччи шарафига шундай аталгани таъкидланади. Бироқ нима учун ва қандай шароитларда бу ном берилгани хақида бирор бир маълумот учрамайди. Шу сабабли ҳам, нима учун шимолий қитъага Америго Веспуччи номи берилгани ҳамон жумбоқлигича қолмоқда. Чунки у шимолий худудларга ҳеч қачон бормаган.

Иккинчидан, ўша замон анъаналарига кўра, янги ерларга бу ерларни очган ёки биринчи қадам босганларнинг исми берилмаган. Балки фамилияси қўйилган. Шунингдек, янги ерлар қироллар, авлиёлар, афсона қахрамонлари шарафига қўйиларди. Америго Веспуччи эса на қирол, на авлиё, на афсона қаҳрамони эди. Шу сабабли “Веспуччиланд” дейилганда тўғрироқ бўларди.

Вальдзеемюллернинг харитаси 1497 ва 1498 йилларда ҳозирги Шимолий Америка ҳудудларига Англия байроғи остида сузиб борган Жон (аслида Жованни) Кабот томонидан яратилган харитага асослангани тахмин қилинади. Шуни таъкидлаш керак-ки, Христофор Колумб, Жон Кабот янги қитъа очиш учун йўлга чиқишмаган эди. Уларнинг мақсади Шимолий Атлантикада балиқ овлаш жойларини қидиришдан иборат эди. Агар улар янги ерлар хақида харита тузмайдиган бўлса, уларнинг сўзларига ҳеч ким ишонмаслиги аниқ эди. Шу сабабли ҳам улар янги ерларнинг харитасини яратишган. Бироқ улар яратган хариталарнинг асли сақланмаган. Аммо Жон Каботнинг сайёҳат хақида қирол Генрих VII Тюдорга ёзган ҳисоботида бу харита мавжудлиги ва уни қиролга тақдим қилиши таъкидланади. Маълумки, Генрих VII Тюдор 1496 йилда чиқарган фармонида Жон Каботга Англия байроғи остидаги кемада янги ерларни очиш ва бу ерларни Англия қарамоғига олиш топширилган эди. Янги қитъанинг шимолий ҳудудлари Вальдзеемюллер томонидан “айнан шу харитадан кўчирилган бўлиши мумкин”, деган тахминлар айтилади. Қирол Генрих VII Жон Каботга сайёҳат учун изн берган бўлишига қарамай, пул бермайди. Пулни Жон Каботнинг дўсти, бадавлат савдогар Бристол шаҳар божхонасининг бошлиғи Ричард Америк беради. У нафақат пул, балки кема қуриш учун материаллар хам беради. Жон Каботнинг ҳисоботида Ричард Америк экспедициянинг бош хазиначиси экани таъкидланади. Ўз навбатида, Жон Кабот кўрсатилган эҳтиром учун янги ерларни қирол номи билан эмас, балки саховатли дўстининг номи билан атайди. Буни мавжуд ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди. Бристол архивида “Чўқинтирувчи Иоанн кунида Америка қитъаси Бристоллик савдогар томонидан очилди. Кема “Мэтью” деб номланади”, деган сўзлар ёзилган ҳужжат бор. Бу - Американи Жон Кабот томонидан очилганини тасдиқловчи ягона ҳужжатдир. “Мэтью” кемаси эса Ричард Америк томонидан берилган ёғоч ва тахталардан қурилгани аниқ. Тўғри, Кабот янги ерларга дўстининг номи берилганини очиқ ёзмайди. Мантиқан ўйлаб қараладиган бўлса, янги қитъа Ричард Америк шарафига қўйилган.

Америк деган ноодатий фамилиянинг келиб чиқиш тарихи хақида айтадиган бўлсак, уни фамилия дейишдан кўра, исм-шариф деган тўғрироқдир. Аслида “ам Меррик”, яъни “Меррик ўғли” дейилиши керак. Яъни Жон Кабот дўстининг исми шарифи ўзбекчада “Меррикнинг ўғли Ричард” бўлади. Гап шундаки, Ричард Америк Уэльсда туғилган бўлиб, шотландлар “мак” қўшимчаси қўшгани каби қадимий кельт қабилалари исм-шарифларига ёки оталарининг исмига “ап” қўшимчасини ишлатишган. (Пол Маккартни “Пол, Картни ўғли” дегани каби). Бироқ айрим қабилалар “ам” қўшимчасидан фойдаланишган. Ричард Америк мана шу қабила вакили эди.

Шуни таъкидлаш керак-ки, “Америка” атамасининг келиб чиқиши борасидаги бу тадқиқотларни ҳамма тарихчилар ҳам қўллаб-қувватламайди. Бу Жон Кабот томонидан яратилган хаританинг асл нусхаси йўқлиги билан изоҳланади. Қачонлардир хаританинг асл нусхаси топилишига ҳам ишонч йўқ. Бу харита 1498 йилда кема билан сувга чўкиб кетган. Қирол Генрих VII га берилган харита нусхаси унинг ўғли жуғрофий кашфиётлардан кўра, аёлларни яхши кўрувчи Генрих VIII вақтида йўқолган.

Шарофиддин Тўлаганов

Мавзуга оид