Жамият | 20:53 / 30.10.2016
20136
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда метронинг Юнусобод йўналишининг қолган қисми қурилиши бошланди

Тошкентда метронинг Юнусобод йўналишининг қолган қисми қурилиши бошланди, деб хабар бермоқда "Sputnik Узбекистан".

Метро қурилишида иштирок этаётган пудратчининг маълум қилишича, станциялардан бири Юнусобод деҳқон бозори олдида, иккинчиси эса бир километрча узоқликда, халқ орасида "Петушок" деб номланувчи жойда жойлашади. 

Аҳмад Дониш кўчаси бўйлаб янада пастроқда, "Уч қаҳрамон" буюм бозори ёнида метро поездлари учун гараж ёки ҳаттоки депо қурилади. Қурувчиларнинг тахминича, ҳеч қандай тўсқинлик бўлмаслиги учун буюм бозорини олиб ташлашга тўғри келади.

Коммуналчилар қурилишга халақит қилувчи дарахтларни олиб ташлашни бошлашди. Кейинроқ дарахтлардан тозаланган ҳудуд ҳисобига йўл кенгайтирилади. 

"Дарахтларни чопиб ташлашга тўғри келинаётгани афсусланарлидир, бироқ қурувчилар кейин бу ерда йўлни хиёбон ҳисобига кенгайтира оладилар. Бу тор кўчаларга эга Юнусободнинг гавжум мавзелари учун жуда долзарбдир. Бу ердаги тирбандликлар барчани қийнаб юборди. Шунинг учун метро қурилиши билан ҳукумат эркин ва қулай ҳаракатланиш билан боғлиқ бу ердаги анчагина муаммоларни ҳам ҳал қилади", деб айтди коммунал бригада бошлиғи.

Қурувчилардан бирортаси қурилишнинг якунланиши муддатларини айта олмади. Кимдир объект кейинги йилнинг баҳорига, Наврўз байрамига топширилиши мумкинлиги тахминини билдирди. 

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ўрталарида Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев тегишли вазирлик ва бошқармалар раҳбарларига яқин фурсатда метронинг Юнусобод йўналишининг "Файзулла Хўжаев" ва "Юнусобод" деб номланган станциялари қурилишини якунлаш ҳамда метронинг янги ер ости ва ер усти йўналишлари қурилишини лойиҳалашга тааллуқли барча масалаларни ҳал қилишни буюрган эди.  

 

Мавзуга оид