Жаҳон | 18:32 / 31.10.2016
26842
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг ҳарбий режалари маълум қилинди

Фото: Globallookpress.com

АҚШ президентлигига республикачилар партиясидан номзод бўлмиш Дональд Трампнинг маслаҳатчилари агар номзод сайловда ғалаба қозонгудек бўлса, у мамлакат мудофаасидаги муаммоларни қандай ҳал этишини сўзлаб беришди. Бу ҳақда The Defense News ёзмоқда.

Пентагон раҳбарларидан бири Жефф Сешнс ва мамлакат ҳарбий денгиз кучларининг эҳтимолий вазири Рэнд Форбснинг сўзларига кўра, Трамп “Куч орқали тинчлик” концепциясини илгари сурмоқда. Унинг фикрича, Америка қуролли кучлари сўнгги йилларда деградацияга учраган ва АҚШ миллий манфаатлари учун тикланишга эҳтиёж сезмоқда. Трамп “эски альянсни қайта тиклашга, янги дўстлар орттиришга ва ҳаётий ташқи сиёсат қўллашга” ҳаракат қилади. 

Энг аввало, маслаҳатчиларнинг тасдиқлашича, Трамп АҚШга хавф солаётган ИШИД террорчилик ташкилотини йўқ қилишга бор диққат-эътиборини қаратади. Кейинги режаларга — мамлакат учун хавфли ҳисобланган одамларни Штатларга киришларини тақиқлаш, киберхавфсизликни кучайтириш учун харажатларни кўпайтириш, армия ҳажмини 480 мингдан 540 мингга кўпайтириш, кемалар сонини 272тадан 350тага кўпайтириш (асосан сувости кемаларини), денгиз пиёда қўшинлари корпусига аъзоликни 180 мингдан 200 мингга ошириш масалалари киритилган. 

“Россия билан муносабатлар Ҳиллари Клинтон давлат котиби бўлиб ишлаган кезларда жуда ёмонлашди, — деди Сешнс. — Бу улкан қобилиятсизлик эди. Билмайман, буни тўғрилаш мумкинми ёки йўқ. Аммо биз уриниб кўришимиз керак. Реализм позициясидан ва миллий қизиқишлар томонидан туриб қаралса, АҚШ ва Россия ўртасидаги муносабат уйғун ҳолатда бўлиши керак”.

Сеншнс шундай дейди: “Дональд Трамп урушга ишонмайди. Буни аҳмоқона ва вайронокор, иқтисодга зарар келтирувчи ҳолат деб ҳисоблайди. Сурия ва Ливияда нималар бўлганлигини кўринг. Миср “мусулмон биродарлар”дан азият чекмоқда. Ироқ энди оёққа туряпти. Айнан Ҳиллари Клинтон бизнинг қўшинларимизни ўша ерга жўнатган эди”.

Мавзуга оид