Жамият | 12:28 / 01.11.2016
9068
2 дақиқада ўқилади

Украиналиклар мамлакатнинг асосий муаммоларини аниқлаб олишди

Фото: gorod.lv

Украина фуқароларининг аксарияти — 53 фоизи — Донбассдаги жанговар ҳаракатларни мамлакатнинг асосий муаммоси деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда, «Интерфакс» агентлиги «Рейтинг» гуруҳи томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларига асосланган ҳолда хабар қилмоқда. 

Унга кўра, иккинчи ўринда давлат ҳокимияти органларидаги коррупция муаммосидир. Сўралганларнинг 38 фоизи шу ҳақда қайғуришларини билдиришган. Бундан ташқари, 29 фоиз киши ишсизликни ҳам асосий муаммолар қаторига қўшган. Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг паст даражаси ва нарх-навони назорат қилиш каби мавзулар ҳам сўровда иштирок этганларнинг эътиборидан четда қолмаган. 

Украиналикларнинг фикрича, табиий газ, электр энергияси ва ичимлик сувнинг етишмаслиги ёки уларнинг ўчириб қўйилиши (4 фоиз) ҳамда рус тилининг мақоми (1 фоиз) аҳимиятсиз муаммолардир. 

Сўралганларнинг 74 фоизига кўра, сўнгги бир йилда мамлакатдаги иқтисодий аҳвол ёмонлашган. Уларнинг 50 фоизи ўзларини қашшоқ тоифага, 41 фоизи ўртача даромадли кишилар ҳисобига қўшган. 

Ижтимоий сўровда иштирок этганларнинг ярмидан камроғи ойлик маоши озиқ-овқат, зарурий кийим ва пойабзал харид қилишга етаётганини айтишган. 35 фоизининг ишонтиришича, уларнинг ойлик иш ҳақи фақатгина егуликка кифоя қилади. 18 фоизи озиқ-овқатдан ҳам тежашга мажбур эканликларини билдирган. 

Мавзуга оид