Спорт | 13:57 / 08.11.2016
6571
6 дақиқада ўқилади

Гуус Ҳиддинк 70 ёшда. Футболдаги энг машҳур мураббийлардан бирининг йўли

Таниқли нидерландиялик мураббий Гуус Ҳиддинк бугун 70 йиллик юбилейини нишонлайди.

Терма жамоалар билан ишлашда кўпроқ ном қозонган Ҳиддинк Россия терма жамоаси билан Евро-2008 ярим финалига қадар борганди. Бундан ташқари у Жанубий Корея, Туркия, Австралия, Нидерландия терма жамоалари ҳамда Европадаги бир қатор клубларда фаолият кўрсатган.

Ҳиддинк ишлаган жамоалар қаторида ПСВ, «Валенсия», «Фенербаҳче», «Реал», «Челси» ва Россиянинг «Анжи» клубларини санаш мумкин.

Гуус Ҳиддинк 1946 йилнинг 8 ноябрида Гелдерланд вилояти, Варссевелд шаҳрида Герхард Хендрик Ҳиддинк (1916-2009) ва Алеида Йоханна Принсен (1920-2008) оиласида дунёга келган.

1966 йилда Овервен шаҳридаги спорт усталари институтни тамомлаган.

У фаолиятини "Варссевелд" жамоасида ярим ҳимоячи сифатида бошлаган.

1967-1970 йилларда "Де Графсхап" (Дутинхем) клуби учун ўйнаган. Шу билан бир вақтда у ёшлар жамоасининг мураббийи, асосий жамоа мураббийи ёрдамчиси бўлган. 1969 йилда клуб қуйи лига чемпионига айланиб, юқори дивизионга чиққан.

1970-1972 йилларда ПСВ (Эйндховен) сафида ўйнаган Ҳиддинк яна "Де Графсхап"га қайтган ва 1976 йилга қадар шу жамоада бўлган.

1973-1984 йилларда ўйновчи профессионал футболчиликни ташламаган ҳолда параллел равишда Дутинхемда жисмоний тарбия мураббийи сифатида ишлаган.

1977-1981 йилларда НЕК (Неймеген) жамоаси сафида ўйнаган. Бу вақтда у 2 марта АҚШнинг "Вашингтон Дипломатс" (1978) ва "Сан-Хосе Эрткуэйкс" (1980) жамоаларига ижарага берилган.

1981-1983 йилларда яна "Де Графсхап" сафида бўлган.

У футболчилик фаолиятини 1983 йилда якунлаган. Футболчилик даврида 500 учрашув ўтказиб, 80та гол урган.

1984-1987 йилларда у ПСВ жамоасида бош мураббийи ёрдамчиси бўлган, 1987-1990 йиллар давомида бу жамоани бош мураббий сифатида бошқарган. Ҳиддинкнинг мураббийлигида жамоа Нидерландия чемпионатида қаторасига 3 йил (1987-1989) чемпион бўлган, бундан ташқари 3 марта мамлакат Кубоги (1987/1988, 1988/1989, 1989/1990) ва 1988 йилги Европа чемпионлар кубогида ғалаба қозонган.

1990-1991 йилларда у Истанбулнинг "Фенербаҳче" жамоасин бошқаради.

1991-1993 йилларда Испаниянинг "Валенсия" жамоасида ишлайди. У 1994 йилнинг мартидан июнигача ҳам шу жамоада бўлади.

1995-1998 йилларда Нидерландия терма жамоаси бошқарувига илк марта келган. Унинг раҳбарлигидаги жамоа 1998 йилги Жаҳон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаган.

1998-1999 йилларда "Реал" (Испания) жамоаси бош мураббийига айланган мутахассис 1998 йилги Қитъалараро кубокда зафар қучган.

2000 йилда "Реал Бетис" (Испания) жамоасида ишлаган мураббий, 2001-2002 йиллар давомида Жанубий Корея терма жамоасини бошқарган. У корейслар билан 2002 йилги жаҳон чемпионатида тўртинчи ўринни эгаллаган.

2002-2006 йилларда у яна ПСВ мураббийи сифатида ишлади. У жамоа билан уч марта мамлакат чемпиони бўлган (2003, 2005, 2006), 1 марта Кубок соҳиби (2004/2005) ва бир марта Нидерландия Суперкубогига эга чиққан (2003). 2002-2004 йилларда Ҳиддинк Жанубий Корея футбол ассоциацияси техник директори бўлган.

2005-2006 йилларда у Австралия термасини бошқарган. Унинг раҳбарлигида жамоа 32 йил ичида илк марта жаҳон чемпионатига чиқди. 2006 йили австралияликлар мундиалнинг 1/8 босқичига етиб бориб, Италияга ютқазди.

2006 йилнинг июлидан 2010 йилнинг 30 июнига қадар ушбу мутахассис Россия терма жамоасига бош мураббий бўлди. Ҳиддинк Россия футбол иттифоқи билан 2006 йилнинг 14 апрелида шартнома тузганди. Унинг раҳбарлигида россияликлар 2008 йили Австрия ва Швейцария мезбонлигида ўтган Европа чемпионатида гуруҳдан иккинчи ўрин билан чиқиб, чорак финалда Нидерландияни енгди ва ярим финалда ўйнади. Бу Россия терма жамоасининг энг яхши кўрсаткичи бўлиб қолмоқда.

У 2010 йилги ЖЧ саралашидаги муваффақиятсизликдан кейин лавозимини тарк этди. Ҳиддинк Россия термаси билан 39 учрашув ўтказди (22 ғалаба, 7 дуранг, 10 мағлубият).

Унинг ЖЧ-2010 саралаши давридаги йиллик маоши миқдори 7 млн еврони ташкил этган.

2010-2011 йилларда у Туркия терма жамоаси билан ишлади.

2012-2013 йилларда Махачқалъанинг "Анжи" клубига келган мураббий жамоа билан 2013 йилда Россия чемпионатида учинчи ўринни эгаллади ва ўз тарихида илк марта совриндор бўлди. 

2014-2015 йилларда яна Нидерландия терма жамоасига мураббий бўлган мутахассис муваффақиятсизлик туфайли ишдан бўшади.

2015 йилнинг декабридан 2016 йилнинг майигача "Челси" бош мураббийи вазифасини бажарувчи сифатида ишлаган Ҳиддинк айни дамда ушбу жамоа маслаҳатчиси ҳисобланади.

У 2008 йилда Россияда хизмат кўрсатган мураббий бўлган. Икки марта Нидерландия Қироллик футбол иттифоқи томонидан таъсис этилган, мамлакатнинг энг яхши мураббийига топшириладиган Ринус Михелс мукофотига лойиқ кўрилган (2005, 2006).

У Жанубий Кореянинг фахрий фуқароси (2002 йил, бу унвонни олган ягона шахс). У Сеул ва Эйндховен (2006) шаҳарларининг ҳам фахрий фуқароси саналади. Сеулдаги Сежон ва Конкук (2002) университетларининг фахрий доктори.

Гуус Ҳиддинк Ине Бемкес билан турмуш қурган. Бу никоҳдан Михаэль (1969) ва Марк (1972) туғилган. Ҳозирда Элизабет Пинас билан никоҳда.

Унинг фаолиятига бағишлаб қатор китоблар ёзилган: Чхве Ен Гюн "Ҳиддинкнинг кучи" (2002, The Power of Hiddink), Мартен Мейернинг "Ҳиддинк. Гуус барчасига қодир" (2006, Guus Hiddink: Going Dutch) ва Игорь Рабинернинг "Дик Адвокат ва Гус Хиддинк. Голландларнинг Россиядаги саргузаштлари" (2012) шулар жумласидан.

2005 йилда Гуус Ҳиддинк жамғармаси ташкил этилган, бу жамғарма футбол соҳасида болалар учун хайрия тадбирлари ташкиллаштиради. Бош офиси Сеул шаҳрида жойлашган.

2006 йили Австралияда Гуус Ҳиддинк тасвири туширилган почта маркаси чиқарилган.

2013 йилда у ўзининг фаолиятидаги илк профессионал футбол клуб бўлмиш "Де Графсхап" қийин аҳволга тушиб қолганида молиявий кўмак кўрсатган.

У инглиз, испан, немис ва француз тилларида мустақил сўзлаша олади.

"Де Графсхап" тимсоли - кўк-оқ зебра (Гус.0сау) Ҳиддинк шарафига ишланган.

Мавзуга оид